Қирғизистон президенти Садир Жапаров тиббиёт соҳасида мутахассислар тайёрлашни давлат монополиясига ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, ушбу соҳада таълим фаолияти олиб бориш ҳуқуқи фақат И.К. Ахунбаев номидаги Қирғизистон давлат тиббиёт академиясига (ҚДТА) берилди. Эндиликда барча хусусий тиббиёт олийгоҳлари шу академия тасарруфига ўтказилади. Фармон хусусий тиббиёт университетлари сони кескин кўпайиши ва уларнинг битирувчилари етарли тайёргарликка эга эмаслиги сабабли қабул қилинган.Президент матбуот хизматга кўра, хусусий олий таълим муассасаларининг аксарияти зарур клиник базага эга эмас. Профессор-ўқитувчиларнинг малакаси белгиланган талабларга жавоб бермайди, таълим жараёни эса асосан минимал амалий тайёргарлик билан чекланади. Бундан университетлар расмий равишда диплом беришдан иборат бўлиб қолмоқда.
Натижада ҳар йили билим ва амалий кўникмалари паст бўлган юзлаб мутахассислар битириб чиқмоқда. Бу эса тиббиёт таълими тизимига бўлган ишончни пасайтириб, Қирғизистон дипломи халқаро миқёсда обрўсига путур етказмоқда. Шу билан бирга, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар танқислиги ортиб бормоқда.
Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар хусусий тиббиёт олий таълим муассасалари давлат аккредитациясидан ўтиши шарт, кейинчалик улар ҚДТА филиаллари ёки бўлинмаларига айлантирилиши мумкин. Аккредитациядан ўтмаган муассасалар фақат тайёрлов курслари сифатида фаолият юритиши мумкин бўлади.
2026 йил 1 январга қадар ҳукумат тиббиёт ва фармацевтика мутахассисликлари бўйича ягона давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим. Жапаров таъкидлашича, ислоҳотлар тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, коррупция хавфини камайтиришга қаратилган. Бу орқали миллий соғлиқни сақлаш тизими ва мамлакатнинг халқаро нуфузини ҳимоя қилиш мақсад қилинган.
2022 йил февраль ойида ўша пайтдаги соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев мамлакатда 24 та тиббиёт муассасаси фаолият юритаётганини айтганди. Улардан учтаси давлатники — Қирғизистон давлат тиббиёт академияси, Ўш давлат университети таркибидаги факультет ва Қирғиз—Россия Славян университетидаги факультет. Қолган 21 та муассаса эса, вазирнинг сўзларига кўра, «мансабдорлар ёки пули бор одамлар»га тегишли. Ўша пайтнинг у 17 та хусусий тиббиёт олийгоҳни талабга жавоб бермагани сабабли ёпиш ниятида эканини ҳам билдирган.
