Тошкент вилоятида талаба 4,3 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган шахс ўзининг Спарк русумли автомашинасида наркогуруҳ ташкилотчилари томонидан берилган топшириққа кўра, Тошкент туманига бориб, муқаддам наркокурерлар томонидан дала майдонидаги хуфия жойга яшириб қўйилган 4 кг 300 гр «альфа-ПВП» моддасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасининг 3-курс талабаси бўлган ушбу шахс интернет тармоғи орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
