Ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда бир нечта шахсларнинг ноқонуний равишда фуқароларни олий таълим муассасаларига жойлаштиришга уринганликлари аниқланди. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар берган.

 

Оҳангарон шаҳрида «И.Й.» нодавлат олий таълим муассасаси бўлим бошлиғи Б.А. 4 нафар фуқарони ушбу олийгоҳга 3-курсдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига ҳар бири учун 1 000 АҚШ доллари бериши кераклигини айтиб, жами 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Бухоро шаҳрида эса фуқаро А.И. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, уни Қирғизистондаги ОТМда ўқиган деб ҳужжат расмийлаштириш ва гўёки таълим муассасалари қабул комиссиясида ишловчи танишлари орқали Бухоро инновацион тиббиёт институтига 3-курсдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига у 3 000 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

 

Шунингдек, Пискент туманида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаролар Ж.Э. ва Б.А. фуқаро К.Х.нинг ишончига кириб, уни гўёки Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ишловчи танишлари ёрдамида мазкур университетга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.