Ақидапарастлик материалларини тарқатган йигит 5 йил 2 ойга қамалди

Ақидапарастлик материалларини тарқатган йигит 5 йил 2 ойга қамалди

Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди ақидапарастликни тарғиб қилувчи видео ва аудио материаллар тарқатган 19 ёшли йигитга нисбатан ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Газета хабар берди.

 

Қайд этилишича, судланувчи 2022 йилнинг центабр ойидан бошлаб интернет орқали «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилотларининг етакчиларидан Ўзбекистон ҳудудида халифалик давлати барпо этиш борасидаги ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб, тарқатиб келган.

 

Судда Мирзачўл тумани прокурорининг ёрдамчиси Алишер Абдусодиқов айбланувчига узил-кесил 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини ҳамда далилий ашё сифатида олинган материалларни тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланишини сўради.

 

«Намоз ўқийман, деди. Намоз ўқигандан бунақа ёмон ният қилмайди, деб ўйлагандик. Ичмайди, чекмайди, ёмон йўлга кирмайди. Ўзимиз ҳам билмай қолдик. Ўқишда юрди деб, бу ёғига қарамабмиз», — деди йигитнинг онаси.

 

Суд ҳайъати судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқди ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, сўнгги сўзни судланувчига берди.

 

«Бошида бу нарсаларни нотўғри тушуниб етмаган эканман. Кечиришингизни сўрайман. Қилган хатомдан минг марта пушаймонлигимни айтиб, енгилроқ жазо беришларингизни сўрайман», — деди у.

 

Судланувчи Жиноят кодексининг 159-моддаси учинчи қисми «б» банди (Уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244−1-моддаси учинчи қисми «г» банди (Оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

 

Унга жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.