Янги ўқув йили учун супер контракт миқдори тасдиқланганлиги ҳақида турли телеграм каналларда хабарлар тарқалмоқда. Таҳририятимиз томонидан супер-контрактга оид энг муҳим саволларга жавоблар шу ерга жамланди.
Жорий йилда супер-контракт нархи қанча?
ОТМларга кириш имтиҳонларида тўплаган баллари тасдиқланган қабул параметрлари чегарасига етмаган абитуриентлар учун базавий тўлов-контракт миқдори ҳар йили таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси баёни билан белгиланади.
2025-2026 ўқув йили учун миқдорлари ҳали тасдиқланмаган ва эълон қилинмаган.
Супер контракт табақалаштирилган контрактнинг неча баробарида тўланади?
Олий таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси баёни билан 2023/2024-ўқув йили қабулида тўплаган баллари тасдиқланган қабул параметрлари чегарасига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун базавий тўлов-контракт миқдори белгиланган эди.
Ҳозирча жорий йилги қабул учун ушбу миқдор белгиланмади.
Тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:
1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.
Яъни, абитуриент танлаган йўналишида энг охирги ўринда контрактга кирган абитуриентнинг баллидан қанча паст балл тўплаганига қараб супер-контракт тўлайди.
Бунда, охирги контракт 123 балл бўлса ва сиз 122,5 балл билан ўқишга кира олмаган бўлсангиз, ушбу йўналишга белгиланган контрактнинг 1.5 баробарида контракт тўлаб, ўқишга киришингиз мумкин бўлади (агар ушбу супер-контрактни белгилаш миқдори ўзгармаса).
Супер-контракт учун ҳам таълим кредити бериладими?
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, табақалаштирилган тўлов-контрактни ва унинг минимал миқдорига тенг бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилмайди.
Эслатма! Қуйидаги ҳавола орқали ўтган йилги супер контракт миқдорини билиб олишингиз мумкин — Супер контракт нархлари 2024-2025
