Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳаматдаги 42-мактаб ўқитувчилари муассасани таъмирлаётгани акс этган видео тарқалди. Натижада мактаб директори айбли деб топилиб, ишдан олинди, шунингдек, 42 млн миқдорида жаримага ҳам тортилди.
Жамоатчилик фаоллари вазиятни қандай баҳоламоқда? Ушбу ҳолатда ҳақиқатдан ҳам директор айбдорми? Мактаб «ремонти» вазифаси директор ва ўқитувчиларнинг вазифасими?
Марҳамат туманидаги бир мактабда ўқитувчилар синфхоналарни ремон қилаётгани акс этган видео тарқалди. Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг баёнотида бу ҳолат педагоглар томонидан «ихтиёрий ҳашар» шаклида ўтказилган деб изоҳланди.
Аммо, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг маълум қилишича, ўқитувчиларнинг таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ҳолати ўз тасдиғини топган. Аниқланишича, мактаб директори ўз ваколатидан фойдаланиб, педагогларни таъмирлашга мажбурий чақиргани, акс ҳолда, уларга дарс соатлари кам тасдиқланишини айтган. Ушбу ҳолатда мактаб директори ишдан олинган ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида (41 млн 200 минг сўм) жарима қўлланган.
«Агар ўқитувчилар билан «ихтиёрий-мажбурий ҳашар» қилмаганида ўша директор барибир ишдан бўшатиларди»
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги директорни айбдор деб топди, аммо бир қанча жамоатчилик фаоллари вазиятга бошқача ёндашув билан назар ташламоқда. Жумладан, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрига кўра, агар мактаб директори ўқитувчиларни ишга жалб қилмаган тақдирда ҳам, у барбир ишдан олинган бўлар эди. Бунга асос қилиб эса, мактабнинг «ремонт» қилинмаганлиги кўрсатилган.
«Марҳамат туманидаги ҳолатда мактаб директорининг ишдан бўшатилиши — бу шунчаки, илдизи зарарланган тишни суғуриб ташлаш холос. Тишданку қутулдик, лекин касал илдиз барибир қолди. У эртага яна оғриқ бериши тайин. Лекин биронтамиз савол бермаяпмизки, балки тиш соғломдир, муаммо илдиздадир?
Илдиз — бу нима? Бу — маҳаллий бюджетдан мактабларни таъмирлаш учун маблағ ажратиш. Асосий муаммо мана шу ерда.
Қоидага кўра, мактабларни қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳокимларнинг зиммасида. Лекин афсуски, кўплаб ҳокимлар учун мактаблар 10-даражали масала.
Ўша Марҳаматдаги 42-мактабни олайлик. Вилоят бошқармасининг ёзишича, мактаб жамоаси 2023 йили «Ташаббусли бюджет»дан 1,2 млрд сўм, 2024 йилда эса 1,3 млрд сўм пул ютиб олган. Аммо маҳаллий бюджетдан ҳокимлик қанча маблағ ажратгани ҳақида маълумот йўқ. Демак, катта эҳтимол билан 1 тийин ҳам берилмаган. Мактаб жамоаси ўзи учун ўзи елиб югурган, ҳокимга кунимиз қолмасин деган», — дейди Хушнудбек Худойбердиев.
Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрига кўра, ўзи ишлаётган мактабни таъмирлашда иштирок этаётган ўқитувчилар кўп, фақат уларнинг видеоси тарқалмаган.
«Охирида битта гап айтайми? Агар ўқитувчилар билан «ихтиёрий-мажбурий ҳашар» қилмаганида ўша директор барибир ишдан бўшатиларди. Нима учун дейсизми? Мактаби янги ўқув йилига тайёрмаслиги, ремонт қилинмагани учун.
Бу йўл фақат «ўлим» йўли, тирик қолиш омадга боғлиқ холос. Видео тарқалмаганда, тирик қоларди. Чунки видеоси тарқалмаган, лекин ҳоким пул ажратмагани учун ўқитувчиларнинг ўзи ишлаётган мактаблар жуда кўп… Биз эса доимгидек, оқибатлар билан курашиб юраверамиз», — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
«Анжанчасига: «Ихтиёрий ҳашар»да директор айбдор этиб тайинланди»
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса, мактаб директорининг ишдан олинишини «Анжанча сигнал» деб баҳолаган.
«Бу гўёки «анжанча сигнал»: «Мактабларда ўқитувчиларни таъмирлашга, мажбурий обунага, йиғди-йиғдига жалб қилишда давом этаверинглар, бўйсунмаганларни дарс бермай жазола, лекин билдирма, интернетга чиқиб кетса, ўзинг жазоланасан, ҳақпарвар ўқитувчиларинг шикоят қилиб ўтирмасин, бефойда», — дейди Бакиров.
Шунингдек, Бакиров Меҳнат инспекция ва Андижон Мактабгача ва мактаб таълими бошқаримасига вазиятга баҳо беришда ўзаро «келишиб олишликни» сўраган. Негаки, Марҳаматдаги ҳолатни бошқарма «ихтиёрий равишда ўтказилган ҳашар» деб изоҳлаган бўлса, инспекция эса «мажбурий меҳнатга жалб этилган» дея баҳолаган. Инспекциянинг баёнотига кўра, директор 42 млн 200 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
«Меҳнат инспекциясининг кучи ҳам мактаб директорига етибди. Йўқ, инспекция ходимларини тунги соат биргача ва шанба-якшанба кунлари ишлатадиган вазирларни кўрмаганликка олади.
Лекин Марҳаматга бориб, ўқитувчиларни «ижтимоий ҳашарга» мажбурлаган директорни айбини топиб жазолайди, бўйнига 41 млн.штраф илади. Районо, облоно нима топшириқ берган, ҳокимият нима деган, чикора уларга», — дейди Бакиров.
«Илдиз очилмагунча ҳамма мактаб директорини янгилаб чиқсангиз ҳам барибир ўқитувчига таъмирлатиш учрайверади»
Педагог, она тили бўйича Миллий ўқув дастури муаллифларидан бири Шокир Турсин Андижондаги воқеада директорнинг ишдан олинишида ҳали бир қанча маълумотлар етишмаётганини таъкидлаган. Шунингдек, ўртага бир қанча саволларни қўйган.
Шокир Турсиннинг фикрича, аввало директори нима учун ишдан олинганлигини, бунинг сабабини топиш керак. Агар, директори таъмир учун ажратилган пулни ўзлаштиргани учун ўқитувчиларни «мажбурий-ихтиёрий ишга жалб қилган бўлса, демак директор ишдан бўшатилиш билан биргаликда, талон-торож бўйича ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
Аммо, агар директорга пул берилмаган бўлса, шунинг учун ўқитувчилар билан бўлса, ушбу ҳолатда мактабнинг моддий-техник базасига жавобгар маҳаллий ҳокимият ва вазирлик масъуллари ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
«Нима учун директор ишдан олинди. Сабаби ўқитувчиларни таъмирга чақирганими? Агар, ҳа, бўлса, нега у таъмирлаш ишларига ўқитувчиларни чақирди. Мактаб таъмири учун ажратилган пулни еб юборгани учунми? Агар, ҳа, бўлса, бу директор ишдан бўшатилибгина қолмай, талон-торож бўйича ҳам жавобгарликка тортилиши керак.
Агар директорга пул берилмаган бўлсаю, шунинг учун ўқитувчилар билан бўлса ҳам ишни битиришга қарор қилган бўлса, унда ёлғиз ўзи ишдан кетмаслиги керак. Мактабнинг моддий-техник базасига жавобгар маҳаллий ҳокимият ва вазирлик масъулларининг ҳам ёқалари йиртилиши шарт.
Менежментда «5 та нимага» деган қоида бор. Яъни, бир муаммонинг илдизни ўрганиб чиқиш учун 5 та босқичли нимага саволини бериш керак. Директор кейсида ҳам шундай қилиниши лозим. Нимага директор таъмир ишларига ўқитувчиларни жалб қилди? деган саволга жавоб топиш керакда, жавоб асосида нимага шу ишни қилди деб иккинчи саволни бериш керак, шундай қилиб 5 марта савол берилса муаммонинг илдизи очилади.
Илдиз очилмагунча ҳамма мактаб директорини янгилаб чиқсангиз ҳам барибир ўқитувчига таъмирлатиш учрайверади», — дейди Шокир Турсин ўзининг телеграмдаги саҳифасида.
«Мажбурий меҳнатдан мажбурий меҳнатнинг фарқи борми?»
Таълим соҳаси мутахассиси Комил Жалилов ҳам ўзининг телеграмдаги саҳифасида ёлғиз директорни «сcапегоат» («қурбонлик эчкиси») қилмасдан, муаммонинг туб сабабини ечиш кераклигини таъкидлаган.
«Ёлғиз директорни «сcапегоат» («қурбонлик эчкиси») қилмасдан, муаммонинг туб сабабини ечиш керак. Акс ҳолда — бундай ҳолатлар бўлаверади, ижтимоий тармоқларга чиқиш — чиқмаслиги эса омад масаласи. Масалан, самараси исботланмаган, ҳатто вазирлик ўзи чақирган экспертлар нотўғри деган хориждан фалон пулга «тил эгалари»ни чақириш ўрнига шу пулни мактаблар таъмирига йўналтириш мумкин эдими? Мумкин эди. Лекин вазирликка «очко» муҳимроқ. Мактабнинг аҳволи ёки ўқитувчилар ёки таълим сифати эмас», — деб ёзмоқда Комил Жалилов.
Комил Жалилов, шунингдек, «Долзарб 90» лойиҳасини ҳам «мажбурий меҳнат»га тенг деб баҳолаган.
«Мажбурий меҳнатнинг мажбурий меҳнатдан фарқи борми? Ўқитувчиларни қонун билан кафолатланган таътили даврида мактабларга чақириб, кўзбўямачилик қилдириш мажбурий меҳнат эмасмиди? Лекин шу таклифни «тепа»га собиқ вазирнинг ўзи олиб чиқмадими? Ёзги таътил давомида чаргачан ўқитувчи сентябрда янги ўқув йилини қайси кайфият билан бошлайди? деган саволни ўзига бердими? Йўқ, бермади. Унга «очко» муҳим эди. «Тепа» ҳам «тўхта, ёзда ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам дам олиши керак эмасми» демади. Ўқитувчилар эса дардини фақат ижтимоий тармоқларга ва «Озодлик»ка айта олди, холосʼ, — дейди Жалилов.
