Магистратура: рад этилган аризаларни таҳрирлаш имконияти берилади

Магистратура: рад этилган аризаларни таҳрирлаш имконияти берилади

Сўнгги кунларда кўплаб абитуриентлардан магистратура босқичи учун топширилган аризаларнинг рад этилгани бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу эса, табиийки, кўпчиликда саволларни туғдирмоқда: рад этилган ариза талабанинг тақдирига қандай таъсир қилади? 

“Таълим хабарлари” мухбири ушбу ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Матбуот хизматининг бош мутахассиси Амирқулов Зафар Воҳид ўғли билан суҳбат орқали келиб тушган саволларга батафсил маълумот олди.

Йўналиш турдош бўлса-да, ариза нима сабабдан рад этилади?

Кўплаб талабгорлар қуйидагича ҳолатни билдирган:

“Бакалавр босқичида ўқиган йўналишим, вазирлик томонидан тасдиқланган турдош йўналишлар рўйхатида мавжуд. Шунга асосан танлаган магистратура йўналишим ҳам рўйхатда кўрсатилган. Бироқ аризам рад этилиб, йўналиш турдош эмас, деган изоҳ берилди.”

Бундай ҳолатларда, биринчи навбатда сиз ариза топширган олий таълим муассасасининг магистратура бўлими билан боғланишингиз ва расмий тушунтириш олишингиз керак.

Шунингдек, кўплаб мурожаатлар асосида аниқланишича, баъзи талабгорлар турдош йўналишни аниқлашда хатога йўл қўйган. Бу каби хатоларнинг олдини олиш учун, талабгорларга бакалавр дипломидаги штрих код (штрих код) асосида турдош йўналишларни аниқлаш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, вазирлик томонидан тасдиқланган турдош йўналишлар рўйхати — расмий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу рўйхатга мувофиқ, сиз танлаган магистратура йўналишига ҳужжат топшириш ҳуқуқига эгасиз.

Аризам рад этилди. Энди магистратурага кира олмайманми?

Аризаси рад этилган талаба бу йил магистратурага кира олмайди, дегани эмас.

Вазирликнинг мутахассисларининг берган маълумотига кўра, август ойида рад этилган аризаларни таҳрирлаш учун қайта имконият берилиши режалаштирилган. Ҳозирча бу босқичнинг аниқ саналари эълон қилинмаган. Барча аризалар кўриб чиқилгач, таҳрирлаш учун платформа қайта ишга туширилади.

Маълумот учун: ўтган йили бу имконият 6–8 август кунлари яратилган эди.

My.gov.uz орқали ариза топширганман. Нима бўлади?

Баъзи абитуриентлар аризани my.gov.uz платформаси орқали топширганини маълум қилишган. Ушбу ҳолат бўйича вазирлик матбуот хизмати бош мутахассиси Амирқулов Зафар Воҳид ўғли қуйидагича маълумот берган:

Мy.gov.uz my.edu.uz билан интеграциялашган. Агар сиз my.gov.uz орқали аризани тўғри тўлдириб, турдош йўналишни танлаб, ҳужжатларни тўлиқ юклаган бўлсангиз — аризангиз my.edu.uz тизимида ҳам акс этади.”

Қайта таҳрирлаш имконияти кимларга тааллуқли?

2023 йилда magistr.edu.uz орқали 1–30 июль кунлари ариза топширган, бироқ аризаси камчиликлар сабабли рад этилган талабгорларга 6–8 август кунлари аризани қайта таҳрирлаш имконияти яратилган эди.

Аммо, хорижий тил сертификати талаб даражасида бўлмаган абитуриентларга бу имконият тавсия этилмаган ва уларнинг таҳрирланган аризалари кўриб чиқилмаган.

Шу сабабли, бу йил ҳам фақат расмий сабабларга кўра рад этилган, қолган ҳужжатлари тўлиқ бўлган талабгорларгина таҳрирлаш имкониятидан фойдаланишлари кутилмоқда.

Аризам мандат чиқмасдан олдин рад этилган. Бу қонунийми?

Ҳа, бу қонуний. Магистратура учун топширилган аризалар мандат эълон қилинишидан олдин қабул қилиниши ёки рад этилиши мумкин. Агар аризангиз рад этилган бўлса, қайта таҳрирлаш имконияти очилгач, уни тўғрилаб топширишингиз мумкин.

Магистратурага кира олмасам, қўшимча пул тўлаб ўқий оламанми?

Агар талабгор магистратурага кира олмаса, Қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг тегишли баёнига асосан қўшимча қабул (иккинчи босқич) асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Бунда ўқиш учун қўшимча тўлов;

– талаба реал харажат миқдорида амалга оширилади,

– бу тўлов фақат биринчи йилда олинади,

– кейинги йилларда эса оддий шартнома (контракт) асосидаги тўлов тартиби давом этади

– тўлов миқдори ҳар бир ОТМ томонидан белгиланади.

Университет аризамни қабул қилган. Энди уни бекор қилиб, бошқа ОТМга топшира оламанми?

Агар аризангиз олий таълим муассасаси томонидан қабул қилинган бўлса, сиз уни рад қилдира олмайсиз. Ариза қабул қилинганидан кейин бошқа ОТМга ҳужжат топшириш имконияти мавжуд эмас.

Хулоса ўрнида…

Агар аризангиз рад этилган бўлса;

– ариза топширган ОТМнинг магистратура бўлимига мурожаат қилинг,

 

– қайта таҳрирлаш босқичини кутинг (август ойида бўлиши кутилмоқда),

 

– тил сертификати ва бошқа ҳужжатларингиз талабга жавоб беришига ишонч ҳосил қилинг,

 

–  турдош йўналишни тўғри аниқлаш учун штирх коддан фойдаланинг.