Бугун, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик ҳамда 1-синф ўқувчиларига бериладиган Президент совғаларини ҳудудларга етказиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.
Маълум қилинишича, 2025-2026-ўқув йилида мамлакатимиздаги мавжуд 10 170 тадан ортиқ умумтаълим мактабида 6,7 миллион нафар ўқувчи таълим олишни бошлаши кутилмоқда. Шунингдек, янги ўқув йилида республикада 30 дан ортиқ янги мактаб ўз фаолиятини бошлайди.
Янги ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга келиши кутилмоқда ҳамда бугунги кунга қадар 590 минг нафар бола мактабга қабул қилинган. Қабул жараёнлари 15 августга қадар давом этади. 1-синфга қабул қилинаётган болалар учун 12 номдаги ўқув қуроллари Президент совғаси сифатида тайёрланган.
Президент совғаси сифатида тайёрланган ушбу ўқув қуроллари «Биринчи қўнғироқ» тадбирларидан сўнг топширилади. 1-синфга қабул қилинаётган ҳар бир болани Президент совғаси билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида вазирликнинг аdm.maktab.uz электрон платформаси орқали мактаблар кесимида болаларнинг рўйхати номма-ном шакллантирилган.

