Биринчи марта касбий сертификатлаш синовида қатнашаётган талабгордан тўлов ундирилмайди

Биринчи марта касбий сертификатлаш синовида қатнашаётган талабгордан тўлов ундирилмайди

Ҳукуматнинг 2024 йил 12 февралдаги 87-сон қарорига кўра, биринчи марта касбий сертификат олиш бўйича назорат синовида иштирок этиш учун талабгордан тўлов ундирилмайди.

 

 

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатга олиш даврийлиги камида бир ой давом этади. Унда иштирок этиш учун рўйхатга олиш санаси Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.

 

 

Назорат синовида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиб, назорат синовида узрли сабаблар (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги, республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги, вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлиб турганлиги, яқин қариндоши вафот этганлиги, ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган асослар)га кўра иштирок этмаган талабгор, тегишли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда, назорат синовидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда кейинги ташкил этиладиган назорат синовида иштирок этиш учун қайтадан рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

 

 

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган ёки «Камбағал оилалар реестри» ахборот модулининг сариқ тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида, «Камбағал оилалар реестри» ахборот модулининг қизил тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига белгиланган тўловлар бўйича 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади.

 

 

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЙИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, талабгордан белгиланган тўлов миқдорининг 90 фоизи ундирилади.

 

 

Узрли сабабларга кўра назорат синовида иштирок этмаган талабгордан навбатдан ташқари назорат синовида иштирок этиш учун такроран тўлов ундирилмайди. Давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

 

Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

 

а) давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат этилганда, тўлов суммасининг:

 

 

18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

 

 

0,5 фоизи — Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

 

 

қолган қисми — Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига;

 

 

б) ЙИДХП орқали рўйхатдан ўтилганда, тўлов суммасининг:

 

 

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

 

 

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;

 

 

қолган қисми — Вазирлик ҳузуридаги Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобварағига ўтказилади.

 

 

Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишда хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида назорат синовида иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда ёки назорат синовидан ўта олмаганда, тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.