«Бир-икки университетни деб барча хусусий университетларни ёмонотлиқ қилиш тўғри эмас деб ўйлайман» — тадбиркор

«Бир-икки университетни деб барча хусусий университетларни ёмонотлиқ қилиш тўғри эмас деб ўйлайман» — тадбиркор

2-3-4-5 курс учун сиртқи таълим шаклига перевод қилишда консалтинглар орқали сохта ҳужжатлар тайёрланиб хусусий университетга топширилаётганлиги ҳақида Хушнудбек ўз телеграм саҳифасида ёзган эди. Бу бўйича тадбиркор Бектош Хатамов телеграм саҳифасида ўз фикрини билдирди.

 

 

Унинг айтишича, бу шунчаки оқибатлар, сиртқи таълим иш бермайди, сифатсиз деб ёпиш қарорининг оқибатларидан бири бу аслида, яъни давлат ўз йўли билан фуқароларни шундай қинғир ишлар қилишга ундамоқда.

 

«Бир пайтлар долларнинг расмий курси ва кўча курси бўлар эди, ҳамма нарса долларда ҳисоб-китоб қилинадиган давлатда банкдан бир чоракда фақатгина 2000 доллар расмий сотиб олиш мумкин эди, ноқонуний доллар айланмаси жиноят, лекин ҳамма жиноят қилар эди, ўша пайтларда жиноят қилмаган фуқаронинг ўзи бўлмаган бўлса керак.

 

Ёки ўқишга киритиб қўйишни эсланг, ҳамма ўқишга киритгич эди, ўқишга кириш учун абитуриентнинг бир йилда бир мартагина имконияти бор эди, супер контракт тизими ва хусусийларга йўл очилиши шунчаки ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ жиноятларни йўққа чиқариб юборди», — деб ёзган у.

 

Тадбиркорнинг таъкидлашича, сиртқи таълим шакли учун баъзи бир университетларнинг минглаб талабаларни ҲEМИС платформасига қисқа вақт ичида киритиши буларнинг барчаси ҳужжатларни сохталаштирганини англатмайди.

 

«Ҳатто ўша ҳужжат сохтакорлиги ҳам аслида мана шунга ўхшаш ўйланмай қабул қилинган қарорнинг оқибати холос. Биринчидан, ҳеч қандай асосларсиз, ҳеч қандай тадқиқотларсиз сиртқи таълим сифатсиз деб бир кунда қарор қабул қилиниб ёпиб ташланди, лекин ваҳоланки бу таълим шакли учун бозорда талаб бор эди, бу талаб ҳеч қаерга йўқолгани йўқ.

 

Талаб бор эканки, таклиф албатта пайдо бўлади, воооййй бунақа бўлиб кетибди, палончи хусусий университет палонча талаба олибди дейишдан олдин сабабларни ўрганиш керак менимча», — ёзади тадбиркор.

 

Иккинчидан, ҲEМИС Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қарашли платформа, яъни бу платформанинг регулятори вазирлик, регулятор ўзи шунча талаба қўшишга йўл қўйиб бергани ҳам бир сабаб эмасми?

 

«Регулятор хоҳласа, 1 октябрдан кейин бирорта ҳам янги талабани платформага қўшиб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин, 2025 йил 1 январдан 3 июлгача 41 минг 812 нафар талаба ҲEМИС тизимига киритилган, шундан 25 минг 821 нафари сиртқи таълимга қўшилган экан. Бунча талабани платформага қўшишга имконият берилган эканки, талабаларни қўшишган.

 

Мен сиртқига сохта ҳужжатлар билан ҳам қабул қилаверсин, бу яхши демоқчи эмасман, лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор, бирор бир хусусий университет, консалтинг сохта ҳужжат қилиши бу шунчаки оқибатлар, биз эса сабаблар билан курашишимиз керак эмасми?» — деб қўшимча қилган тадбиркор Бектош Хатамов.

 

«Бир-икки университетни деб барча хусусий университетларни ёмонотлиқ қилиш тўғри эмас деб ўйлайман» — тадбиркор

 

«Бир-икки университетни деб барча хусусий университетларни ёмонотлиқ қилиш тўғри эмас деб ўйлайман» — тадбиркор

 

Ҳемис платформаси ҳақида

 

Бундан ташқари, тадбиркор Ҳемис тизими ҳақида ҳам ўз фикрини қолдирган.

 

 

Унинг сўзларига кўра, агар шу платформа бўлмаганда ҳозир қанча талаба, қачон тизимга қўшилганини ҳам билолмас эди ва бу маълумотларни аниқлашнинг имкони бўлмас эди.

 

«Юқоридаги постда вазирлик ҲEМИС га талаба қўшиш имкониятини чеклаши кераклигини айтган эдим, аммо ундай қилинадиган бўлса, кеч тўлов қилганлар, ҳужжатларини кеч олиб келган, шартномани кеч олган талабалар учун қийин вазият юзага келиб қолар экан.

 

Бу масъулият хусусий университет ректорларига юклатилган экан, яъни университет ректори кимни қачон қўшишни ўз масъулияти доирасида ҳал қила олади, лекин масъулият бўлса, демак жавобгарлиги ҳам бўлиши керак.

 

Тизим бор эканки, шунча талаба қўшиб қўйилганлиги маълум бўлди, энди шуни ўша университетларда битталаб ўрганиб чиқиш ва шунга кўра ўша университетларга чора кўриш мумкин, лекин бир-икки университетни деб барча хусусий университетларни ёмонотлиқ қилиш тўғри эмас деб ўйлайман», — ёзади тадбиркор.

 

Шундан сўнг, айрим талабаларнинг сохта ҳужжатлар асосида олий таълим ташкилотларига қабул қилингани ҳақидаги хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлаётгани юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу борада расмий муносабатини билдирган.

 

 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда консалтинг компаниялари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россиядаги олийгоҳларда ўқийди, деган сохта ҳужжатлар асосида Ўзбекистондаги хусусий университетларнинг 2-, 3- ёки 4-курсларига ўқишга кўчириб бераётгани ҳақида хабарлар бўйича айрим хусусий университетлар билан суҳбатлашилгани ҳақида материал чиқарилган эди.