2022 йил 31 августдаги 213-сонли Президент фармонининг 10а-бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган 6 минг 500 нафар ёшларга вилоятлардаги давлат олийгоҳлари учун қўшимча квота ажратилиши белгиланган.
Мазкур тартибга мувофиқ, қорақалпоғистонлик абитуриентларга вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида қўшимча квота ажратилади. Ушбу квота доирасида ўқишга қабул қилинган талабалар учун ажратилган таълим кредити бўйича фоиз харажатлари Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Маълум қилинишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари томонидан ушбу қўшимча квоталар жорий ўқув йилида ҳам ажратилиши тасдиқланган.
Қўшимча квота мандат эълон қилингандан сўнг, яъни асосий танлов якунлангач, 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар орасидан баллар кетма-кетлигига қараб танлаб олинади. Шунга кўра, ўқишга кира олмаган қорақалпоғистонлик абитуриентларнинг энг юқори балл тўплаган 6 500 нафарига ўқиш имконияти яратилади.
