Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хорижий тиллар ўқитувчиларига нисбатан бу сафар масалага янада қатъий ёндашмоқда. Барча ҳудудий бўлимлар мактаб директорларига расмий кўрсатма юбориб, чет тили ўқитувчилари тўғрисидаги маълумотларни топширишни ва уларга сертификат талаби бўйича огоҳлантириш беришни сўрамоқда.
Гап айнан кимлар ҳақида кетмоқда?
Инглиз, француз, немис, испан, итальян, араб, хитой, япон, корейс, турк, форс, пушту, дари, урду ва ҳинд тиллари бўйича дарс бераётган педагоглар хорижий тил ўқитувчилари ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сонли қарорига кўра, 2025/2026 ўқув йилига қадар барча хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатига эга бўлиши мажбурий.
Аслида бу талаб илгари ҳам жорий этилган эди, аммо аввалги йилларда сертификат олиш муддати вазирлик томонидан узайтириб берилганди. Энди эса вазирлик огоҳлантиришлар билан жараённи назоратга олган.
Нега B2 талаб қилинмоқда?
B2 даражаси – бу бакалавр дипломига тенг тил билим даражаси. Яъни, ўқитувчи чет тилида эркин фикрлаш ва дарс ўтиш малакасига эга бўлиши керак. Бу эса ўқувчиларга сифатли таълим берилишининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Муҳим:
Вазирликнинг Дарё.уз нашрига маълум қилишича, июль–август ойларида минглаб ўқитувчилар сертификат олиш учун ариза топширган. Жавоблар сентябрь ойига яқин эълон қилинади.
Янги ўқув йили учун ўзгариш:
Агар 2025/2026 ўқув йили бошланишига қадар хорижий тил ўқитувчиси талаб қилинган B2 сертификатига эга бўлмаса, унинг меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Халқталиминфо.уз хабарига кўра, ҳозирда ҳудудий бошқармалар мактаб директорларига сертификатсиз хорижий тил ўқитувчиларнинг таҳлилий рўйхатини тайёрлаш, уларни огоҳлантириш ва масалани назоратда ушлаб туриш бўйича расмий топшириқ берган.
Шунингдек, кўплаб таълим муассасалари директорлари томонидан хорижий тил ўқитувчиларига расмий огоҳлантириш хатлари ҳам берилмоқда.
Эндиликда, 2025/2026-ўқув йилига қадар сертификат талабига жавоб бермаган педагоглар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.


