Маълумки, жорий ўқув йили учун Олий таълим муассасаларининг бакалавриати учун кириш имтиҳонлари тўлиқ якунланди.
Мазкур кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар 24 июлдан 7 августгача (тахминий муддат, ўзгариши ҳам мумкин) — олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлашлари лозим бўлади.
Бунда дастлаб абитуриент «Танлов устуворлиги»ни ҳам танлашлари керак.
Абитуриент устуворлик сифатида:
— давлат грантини танласа — танлаган барча таълим йўналишларида дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида сараланади;
— таълим йўналишини танласа — аввал ҳар бир таълим йўналишида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида кетма-кет танловда иштирок этади.
Мисол учун, абитуриент бешта йўналишдан қайси бирига киришининг аҳамияти йўқ, асосийси давлат грантига кириш бўлса, унда устуворликни давлат гранти этиб белгилайди.
Агар бу ҳолат аксинча бўлса, яъни, абитуриент биринчи танлаган йўналишига ҳатто шартнома асосида ҳам кириши шарт бўлса, унда устуворликга таълим йўналишини танлайди.
Шундан сўнг, абитуриент тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос бўлган бештагача олий таълим муассасаси ва таълим йўналишини таълим шакли билан бирга танлайди.
Бунда таълим йўналишларини бир олий таълим муассасаси ёки турли олий таълим муассасалари доирасида танлаш мумкин.
Абитуриентлар таълим йўналишларини танлаш муддати якунлангунга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ва қайд варақасини қайта юклаб олишлари мумкин.
