Таълим даражаси юқори бўлмаган (“қизил”) мактабга ишга кириш учун нима қилиш керак?

Таълим даражаси юқори бўлмаган (“қизил”) мактабга ишга кириш учун нима қилиш керак?

Бошқа ҳудудлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган, яъни “қизил” тоифага кирувчи мактабларда ишлашни хоҳлаган ўқитувчи-педагоглар учун электрон платформа орқали ишлаш имконияти яратилади.

 

 

Улар 15 майдан 25 июлга қадар вакант соатлар кўрсатилган мактабларни танлаб, тўғридан-тўғри ушбу мактаб директорига мурожаат қилишлари мумкин.

 

 

Мурожаат этувчи ўқитувчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

 

– мутахассислиги ва дарс берадиган фанини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ёзилган ариза;

 

– доимий яшаш манзили (ҳудуд, туман/шаҳар номи), телефон рақамлари кўрсатилган маълумотнома – объективка;

 

– биринчи ёки олий малака тоифасига эга эканлигини тасдиқловчи сертификат нусхаси.

 

 

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва номзодларни саралаш мақсадида Ишчи гуруҳ ташкил этилади. Бу гуруҳ таркибига мактаб директори, унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, кадрлар бўйича менежер (инспектор), психолог ҳамда мактаб касаба уюшмаси вакили киритилади.

 

 

Агар бир ўрин учун икки ёки ундан ортиқ номзод бўлса, улар касбий билим ва кўникмалар, педагогик маҳорат ва психологик қобилиятлар бўйича Ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади. Саралаш жараёни онлайн тарзда ҳам ташкил этилиши мумкин.

 

 

Саралаш натижалари асосида таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар ҳар йили 5 августга қадар танлаб олинган ўқитувчи-педагоглар ҳақидаги маълумотларни электрон платформага киритади.

 

 

Бундай мактабларда ишлаш истагида бўлган ўқитувчи-педагоглар учун қўйиладиган талаблар: 

 

– тегишли фан йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлиши;

 

– дарс бераётган фани бўйича биринчи ёки олий малака тоифасига эга бўлиши;

 

– бошқа ҳудудда камида бир йиллик педагогик фаолиятга эга бўлиши;

 

– ҳозирда ишлаётган мактаб “қизил” рўйхатда бўлмаслиги лозим.