Жорий йилнинг 7 июль куни «Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Мазкур қарор таълим инфратузилмасини тубдан яхшилаш, ҳар бир ҳудуддаги мактаб ва боғчаларда тенг шароитлар яратиш йўлида муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
Ушбу қарор доирасида қуйидагилар тасдиқланиши кўзда тутилмоқда:
– мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари;
– умумий ўрта таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари;
– мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари.
Қарорга кўра, мазкур талаблар:
– мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини (кейинги ўринларда — таълим муассасалари) моддий-техник жиҳозлаш бўйича меъёрларни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади;
– нодавлат таълим муассасалари учун эса тавсиявий характерга эга бўлади ва уларда жиҳозлаш ишлари лицензия талаблари ҳамда шартлари асосида олиб борилади.
Шу билан бирга, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 декабргача ушбу меъёрларни тасдиқловчи буйруқни қабул қилиши ва уни тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан келишиши белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги янги меъёрлар асосида таълим муассасаларини босқичма-босқич жиҳозлаш чораларини кўради.
Республика илмий-методик марказига эса:
– халқаро тажриба асосида моддий-техник жиҳозлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиб бориш;
– илғор илмий ютуқлар ва замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш бўйича услубий тавсиялар, кўрсатмалар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш тавсия этилади.
