Сунъий интеллект соҳасидаги йирик компаниялар – Microsoft, ОpenAI ва Аnthropis – Америка ўқитувчилар федерацияси (АFT) билан ҳамкорлик қилиб, ўқитувчиларга сунъий интеллектдан фойдаланишга ўргатиш бўйича бепул тренингларни бошламоқда.
Ушбу ташаббусга компаниялар кейинги 5 йил давомида 23 миллион доллар ажратишни режалаштирган. Маблағ Нью-Йорк шаҳрида ташкил этиладиган Сунъий интеллект бўйича Миллий таълим академияси фаолиятига йўналтирилади. Академия бу йил кузда Нью-Йоркдаги ўқитувчилар билан иш бошлашини ва кейинчалик бутун АҚШ бўйлаб кенгайтирилишини билдирган.
Маълум қилинишича, ўқитувчиларга малака ошириш курслари, сертификатлар, онлайн дарслар, семинарлар ва доимий кўмак тақдим этилади. Академия ишланмалари ўқитувчиларнинг синфдаги тажрибалари ва фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштириб борилади. АФТ ушбу лойиҳа орқали 400 минг нафар ўқитувчини қамраб олишни мақсад қилган.

Америка ўқитувчилар федерацияси (АFТ) президенти Ранди Вайнгартеннинг айтишича, ўқитувчилар катта муаммоларга дуч келмоқда ва уларнинг бири – сунъий интеллектдан оқилона, хавфсиз фойдаланишни ўрганишдир.
«Сунъий интеллект дунёни тубдан ўзгартиради. Савол шунда – биз бу жараён ортидан қувиб юрамизми ёки уни бошқаришни ўзимиз қўлимизга оламизми?» — дейди Вайнгартен.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа ўқитувчиларга АI воситаларидан дарс жараёнида самарали фойдаланиш, ўқувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, ҳамда уларни сунъий интеллект кенг қўлланиладиган келажак иқтисодиётига тайёрлаш имконини беради.
«Таълим марказида технология эмас, инсон туради. Сунъий интеллект воситаси – бу ўқитувчилар, ўқувчилар ва жамоатчилик фойдаланиши керак бўлган восита, аксинча эмас,» — таъкидлайди Вайнгартен.
Кўплаб ваъдалар, етарлими?
АFT ташаббуси Оқ Уй томонидан илгари сурилган янги ташаббуслар фонида эълон қилинган. Унда 68 та компания ва нодавлат ташкилотлар, жумладан Microsoft ва ОpenAI, мактабларда сунъий интеллект кўникмаларини ўргатишни қўллаб-қувватлаш мажбуриятини зиммасига олган.

Бу компаниялар сунъий интеллектга эрта қизиқиш уйғотиш, саводхонликни ошириш ва ўқитувчиларга тренинглар тақдим этишни ваъда қилган. Улар пул, грантлар, ўқув материаллари, технологиялар ва мутахассислар ёрдамини таклиф қилишни режалаштирган.
Бироқ, ушбу ваъдаларда кўплаб саволлар очиқ қолмоқда: Қайси компания қанча маблағ ажратади, маблағлар кимларга йўналтирилади, ўқув материаллари бепул бўладими ёки пуллик, компаниялар мактаблар билан бевосита ишлайдими ёки йўқ?
Жамоат манфаатлари бўйича Махфийлик Маркази президенти Амелиа Венснинг фикрича, ташкилотларнинг нияти яхши, лекин компаниялар нафақат ваъда бериши, балки аниқ режалар билан чиқиши, ҳамда ҳукумат улар ваъда қилаётган маҳсулот хавфсизлигини назорат қилиши зарур.
«Бу ишга пул ажратилаётганини кўриш қувонарли, лекин компаниялар сунъий интеллект имкониятларини бўрттирмаслиги керак», — дейди Венс.
Венс, шунингдек, ўқитувчиларни сунъий интеллект воситаларидан ўқувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилган ҳолда қандай фойдаланишни ўргатиш зарурлигини таъкидлайди. Масалан, ўқитувчи: «Бешинчи синфда ўқийдиган Билль Жонсон учун индивидуал ўқув режасини тузиб беринг,» дейиш ўрнига, «Бешинчи синфдаги дислекцияли ўқувчи учун бешта ўқув мақсадини тавсия этинг,» деб умумий тарзда мурожаат қилиши керак.

АI бўйича ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қизиқиш ошмоқда
RАND Cоrporation тадқиқотига кўра, мактаб туманларида сунъий интеллект бўйича ўқитувчиларни тайёрлаш ишлари тобора кенгаймоқда.
2023 йил кузида ўқитувчиларга АI бўйича тренинг ўтказган туманлар улуши 23 фоиз бўлган бўлса, 2024 йил кузида бу кўрсаткич 48 фоизга етган. RАND мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, агар туманлар режалаштирган лойиҳаларни амалга оширса, 2025 йил кузига бориб ўқитувчиларнинг деярли тўртдан уч қисми сунъий интеллект бўйича тренингдан ўтади.
