Германиядаги мактабларда мигрант ўқувчилар сонига чеклов ўрнатилиши мумкин

Германиядаги мактабларда мигрант ўқувчилар сонига чеклов ўрнатилиши мумкин

Германия Таълим вазири Карин Прин мамлакатдаги мактабларда мигрант болалар учун аниқ квоталар жорий этишни кўриб чиқишни таклиф этди.

 

«Deutsche Welle» (ДW) нашрига кўра, амалдор буни «эҳтимолий модель» деб атаган ва максимал рақам қанча бўлишини белгилашда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишни таклиф қилган. Масалан, «30 ёки 40 фоиз».

 

Шимолий Рейн – Вестфалиядаги бошланғич мактаб директорининг айтишича, унинг мактабидаги ўқувчиларнинг 80 фоиздан ортиғи мигрант оилалардан. У Приннинг таклифи амалда ишламаслигини таъкидлаган.

 

«Бизда бу ерда шунчаки етарли миқдорда немис тилида сўзлашувчи ёки «немис» деб аташ мумкин бўлган одамлар йўқ», — дейди у ДW журналисти билан бўлган суҳбатда.

 

Қайд этилишича, таълим сифатига катта эътибор қаратадиган кўплаб немис оилалари бу каби мактаблардан қочади, чунки мигрант илдизларига эга болалар сонининг кўплиги уларнинг ўз фарзандларининг муваффақиятларига салбий таъсир кўрсатишидан хавотир олади. Ўқитувчилар, ота-оналар, ўқувчилар ва мутахассислар бир масалада якдил, яъни Германия таълим тизими ислоҳотга муҳтож.
Хусусан, директор таълим тизимида фарқловчи (дифференциал) ёндашув йўқлигидан норозилигини билдирган.

 

«Ҳозирча ўқишни ўйлашга қодир бўлмаган, руҳий жароҳат олган қочқин болалар, ўқишга кучли мотивацияга эга бўлган қочқин болалар ва оиласи қашшоқликдан қочган қочқин болалар – буларнинг ҳар бири бошқа-бошқа ҳикоя», — дея фикр билдирган у.

 

Муҳим! Аввалроқ Россияда шу каби ҳолат ва норозиликлар фонида мигрант болаларнинг мактабларга қабул қилиниши учун рус тилидан имтиҳон топшириши мажбурий қилиб қўйилган эди. Бунда маълум даражада рус тилидан билимга эга бўлмаган мигрант оилаларнинг фарзандлари мактабга бора олмайди.