Бугунги кунда янги тил ўрганишга киришганлар кўп. Кўпчилик сўз ёдлаш, фильмлар кўриш ёки подкаст тинглашни энг самарали йўл деб билади. Бироқ Forbes Education айрим усуллар аслида унчалик фойда бермаслигини таъкидламоқда.
Хўш, уларнинг фикрича, қайси усуллар вақтни бекорга сарфлашга олиб келади?
1. Тилни фон сифатида тинглаш
Чет тилидаги нутқни фон сифатида эшитиш кўп ҳолларда фойдасиз бўлади. Чунки шунчаки эшитиш орқали тил тушунилмайди. Тилни ўрганишда тинглашни қисмларга бўлиб, тушунишга ҳаракат қилиш, янги ибораларни ёзиб бориш ва эшитган нарсани қайта ҳикоя қилиш самаралироқ.
Шунингдек, бошланғич даражада оддий, тушунарли матнлар билан ишлаш, аудированиэ машқларини бажариш тавсия этилади. Ҳақиқий, аутентик материалларга эса B1 даражаси етганда киришиш мақсадга мувофиқ бўлади.
2. Фильмларни она тилидаги субтитрлар билан кўриш
Фильмни она тилидаги субтитрлар билан кўриш кўп ҳолларда фойда бермайди. Чунки инсон субтитрларга кўпроқ эътибор қаратади, эшитаётган нутқ эса фон сифатида қолади. Бунинг ўрнига фильмни оригинал тилдаги субтитрлар билан кўриш, қизиқарли ибораларни ёзиб олиш, уларнинг маъносини луғатдан текшириш, қисқа бўлакларни томоша қилиб, кейин субтитрсиз қайта кўриш анча самарали бўлади.

Фильм — тил муҳитининг концентрациялашган манбаи, ундаги диалоглар, сўзлашув оҳанглари ва аутентик иборалар тилни ўрганишда катта ёрдам беради. Ҳатто 10 дақиқалик фильм парчасини таҳлил қилиш, соатлаб она тилидаги субтитр билан фильм кўришга қараганда кўпроқ фойда келтиради.
3. Сўзларни рўйхат асосида ёдлаш
Сўзларни рўйхат асосида ёдлаш кўпчиликка самарали туюлади. Лекин бундай ёдланган сўзлар тезда унутилади, чунки улар реал гапларда қандай ишлатилишини билиш қийин бўлади. Тилни ўрганишда сўз бирикмаларини ёдлаш, уларни реал вазиятларда ишлатиш муҳим.
Масалан, инглиз тилида «Good morning» дейиш тўғри, аммо «Nice morning» эмас. Шунингдек, француз тилида «кўчада юриш» эмас, балки «кўчани кезиш» дейиш керак. Шунинг учун, оддий сўзларни эмас, балки феъл + от, ёки от + сифат каби ибораларни ёдлаш самаралироқ бўлади.
Шунингдек, тил ўрганишда реал ҳаётдаги вазиятларни моделлаштириш фойдали: масалан, дўконда харид қилиш, хизмат кўрсатиш жойида суҳбатлашиш, асосий ибораларни ёдлаб, уларни реал ҳаётда ишлатиш.
4. Фақат грамматик машқлар билан чекланиш
Кўпчилик учун тил — бу грамматик қоидалар тўплами. Аслида грамматика муҳим, лекин тилни ўрганишни фақат қоидалар билан чегаралаш мумкин эмас. Чунки қоидаларни ёдлаш билан тилни эркин гапириш имконияти пайдо бўлмайди.

Forbes Education тилни ўрганишда грамматикани назария билан бирга амалиётда қўллашни тавсия қилади: кўп ўқиш, тинглаш, ёзиш ва гапириш. Муҳими, қоидани билиш эмас, балки уни ўринли ишлата билишдир.
5. Хато қилишдан қўрқиш
Кўпчилик мактабдаги тажрибаси туфайли хато қилишдан қўрқади: гўё ҳар бир хато учун балл туширилади. Натижада, инсон гапиришдан тийилади, бу эса тил ўрганишни секинлаштиради. Аслида эса, хато қилиш — тилни ўрганишнинг ажралмас қисми.
Ҳеч ким скрипкада ўйнашни хато товуш чиқармасдан ўрганмаганидек, тилни ҳам хатосиз ўрганиб бўлмайди. Гапиришни кечиктирмаслик, ҳатто оддий гаплардан бошлаш зарур. Шунингдек, аудио кундалик юритиш, ижтимоий тармоқларда хорижий тилда пост ёзиш фойдалидир. Муҳими, ёдланган ибораларни реал ҳаётда бир неча бор ишлатиш орқали мустаҳкамлаш керак.
Хулоса: тилни ўрганишда асосий ёндашув — уни мунтазам амалиётда қўллаш. Матнларни ёдлаш эмас, балки уларни реал вазиятларда ишлатиш, гапириш, тинглаш ва ўқиш орқали тил кўникмаларини ривожлантириш самарали натижа беради. Forbes Эдуcатион мутахассислари айнан шундай ёндашув самарали эканини таъкидламоқда.
