Куни кеча Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий my.edu.uz платформаси орқали магистратура мутахассисликларига ҳужжат топшириш жараёнлари бошланди.
Аммо ижтимоий тармоқларда 2025 йилда бакалавр босқичини тамомлаган талабаларнинг аксарияти ушбу платформада диплом маълумотлари чиқмаётгани ёки уларни қўлда киритишга уринилганда сайт бунга рухсат бермаётгани ҳақида мурожаатлари тарқалмоқда.
«Magistrlar Official» Telegram саҳифасида бу борада «ҲEМИСдан дипломи чиқмаётганларнинг муаммосини ҳал қилмоқдамиз. ҲEМИС ОТМ билан ҲEМИС вазирлик тизими ўртасидаги синхронизацияни тезлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада барча мурожаатчиларнинг дипломлари тизимда кўринади», – дея хабар қолдирилган.
Маълумот ўрнида, 1 июль куни бошланиши керак бўлган ҳужжат топшириш жараёни номаълум сабабларга кўра 7 кун кечикиб бошланди. Шунга қарамай, ҳозиргача магистратура босқичи учун квоталар тақсимоти эълон қилинмаган.
Шунингдек, ҳужжат топшириш жараёнида диплом маълумотларини киритиш тартиби қуйидагича:
1991 йилдан 2021 йилгача бакалавр дипломини олган битирувчилар — my.edu.uz платформасида «Диплом маълумотларини қўшиш» банди орқали маълумотларини мустақил киритишлари лозим.


2021 йилдан кейин диплом олганлар — олийгоҳлар томонидан ҲEМИС-СТУДEНТ платформасига диплом маълумотлари киритилган бўлиши керак. Агар тизимда дипломлар мавжуд бўлмаса, тегишли олийгоҳ билан боғланиш ёки ҳужжатларни қўлда киритиб кўриш тавсия этилади.

2025 йилда битирган талабалар — ҳозирча дипломлари ҲEМИС тизимида кўринмайди. Бу ҳолатда кутишга тўғри келади. Диплом тизимда кўрингач, ҳужжатларни юклаш имконияти пайдо бўлади.
Расмий манбаларда ҳалигача бу мавзуда баёнот ёки янгиликлар эълон қилингани йўқ. Таълим хабарлари сайти қўшимча маълумотлар учун очиқ.
