Қозоғистонлик ўқувчи Филиппинлик блогерга қозоқ тилини ўргатиб, икки олий таълим гранти билан тақдирланди (видео)

Қозоғистонлик ўқувчи Филиппинлик блогерга қозоқ тилини ўргатиб, икки олий таълим гранти билан тақдирланди (видео)

Қозоғистоннинг Талғар туманидаги Бесағаш қишлоғидаги 45-мактаб-гимназиясининг 8-синф ўқувчиси Нуржол Сатибалди Kazakh-American university ҳамда Швейцариядаги нуфузли олийгоҳлардан биридан икки таълим грантини қўлга киритди.

 

 

Kazakh-American university нинг ҳамкор-бошқарувчиси Абилай Алатаев қисқа видеода филиппинлик блогерни бир нечта қозоқ сўзларига ўргатган Нуржолга икки таълим грантини тантанали равишда тақдим этган.

 

 

Мактабни тамомлагач, Нуржол истагига кўра Kazakh-American university ёки Швейцариядаги олий таълим муассасаларидан бирида бепул таълим олиш имкониятига эга бўлади.

 

 

Нуржол Сатибалди ижтимоий тармоқларда тарқалган филиппинлик блогер билан инглиз тилида суҳбатлашган видеоси орқали яхши танилган. Блогер ёш йигитнинг инглиз тилини яхши билишидан таъсирланиб, видеони ижтимоий тармоққа жойлаштирган. Унда блогер «спасибо» сўзини айтганида, Нуржол табассум билан тўғрилаб: «спасибо» рус тилида, қозоқ тилида эса «рахмет» дейилади», — дея таъкидлаган.