Жорий йилнинг 2 июль куни Microsoft сўнгги ойларда учинчи маротаба қисқартириш ўтказаётгани ва минглаб ходимларни ишдан бўшатаётганини тасдиқлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Компания вакилининг айтишича, қисқартиришлар компаниянинг умумий ишчи кучининг 4 фоизидан кам қисмини ёки тахминан 9 минг ишчини қамраб олади. Бу технология гигантининг 2023 йилда 10 минг ишчини ишдан бўшатганидан кейинги энг йирик қисқартириш ҳисобланиб, технология соҳасидаги бошқа компаниялардаги қисқартиришлар фонида амалга оширилмоқда.
Microsoft акциялари ушбу эълондан сўнг ўзгармаган.
«Биз компания ва жамоаларни ўзгарувчан бозор шароитида муваффақиятга эриштириш учун зарур ташкилий ўзгаришларни амалга оширишда давом этамиз,» — дейилади Microsoft баёнотида. Компания бошқарув даражаларини қисқартираётганини ва янги технологиялар ёрдамида ходимларнинг унумдорлигини оширишни мақсад қилаётганини қўшимча қилган.
Қисқартиришлар, шунингдек, Microsoft каби технология компаниялари сунъий интеллектдан ишчи кучини янада самарали қилиш учун фойдаланаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Microsoft бош директори Сатя Наделла жорий йил бошида компаниянинг дастурий кодининг 20-30 фоизи сунъий интеллект томонидан яратилаётганини билдирган ва компания сунъий интеллект инфратузилмасига миллиардлаб маблағ сарфлаётганини таъкидлаган.

АI тўғридан-тўғри ушбу қисқартиришларга сабаб бўлган-бўлмаганлиги ва Microsoftʼнинг қайси бўлинмалари таъсирланиши ҳозирча аниқ эмас. The Verge нинг ёзишича, Хbох раҳбари Fil Spenser ички хабар юбориб, унинг жамоаси ҳам қисқартиришдан зарар кўришини билдирган. Bloomberg эса аввалроқ, июль ойидаги режалаштирилган қисқартиришлар асосан савдо бўлими ва Хbох жамоасини нишонга олишини хабар қилганди.
2 июль кунги қисқартиришлар Microsoft май ойида ишчи кучининг 3 фоизини, яъни тахминан 7 минг ишчини ишдан бўшатганидан кейин амалга оширилган.
2024 йил июль ҳолатига кўра, Microsoft ўзининг умумий ишчи сонини расмий равишда 228 минг нафар деб билдирган.
Жорий йилда бошқа технология компаниялари ҳам қисқартиришлар ўтказди, жумладан Мета ва Bumble. Amazon бош директори Энди Джэсси ҳам ўтган ой сунъий интеллект охир-оқибат компания ишчи кучини қисқартиришга ёрдам беришини огоҳлантирган эди.
Microsoft апрель ойида 31 мартда якунланган уч ойлик даврда квартал фойдаси 18 фоизга ошиб, 25,8 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилган эди. Бунда асосий даромад манбалари булутли хизматлар ва сунъий интеллект хизматлари бўлган. Компания жорий ойда ўзининг молиявий йил тўртинчи чорак даромадларини эълон қилиши кутилмоқда.
