Хитойда ўрта мактабни битирган ҳар бир ўқувчи учун энг катта синов бу — Гаокао. Бу нафақат университетга кириш учун зарур бўлган имтиҳон, балки миллионлаб оилаларнинг тақдирини белгилаб берувчи синов ҳисобланади. Гаокао Хитойдаги таълим тизимининг энг муҳим бўғини бўлиб, у мамлакатдаги энг йирик миллий имтиҳон сифатида тан олинган.
Гаокао нима?
Гаокао (高考) – бу «Gaozhong Tongyi Kaoshi» (高等学校招生全国统一考试) сўзининг қисқартмаси бўлиб, «Умуммиллий олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони» деган маънони англатади. У ҳар йили июнь ойининг бошида бўлиб ўтади ва икки кун давом этади. Баъзи ҳудудларда эса уч кунга ҳам чўзилиши мумкин.
Жорий йилги Гаокао (高考) имтиҳони 7-10 июнь кунлари ўтказилди. Аввалроқ, 3 кун имтиҳон мобайнида маҳаллий сунъий интеллект платформаларининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик.

Имтиҳон тарихи
Гаокао тизими 1952 йилда Хитой Халқ Республикаси томонидан жорий этилган. 1966–1976 йиллардаги «Маданий инқилоб» даврида имтиҳон тўхтатилган, аммо 1977 йилдан бошлаб қайта тикланган. Айнан шу даврдан бошлаб Гаокао миллионлаб инсонлар учун жамиятда юқорига кўтарилиш, ижтимоий статус ва давлат лавозимларида ишлаш учун энг асосий воситага айланди.
Имтиҳонга тайёргарлик
Хитойда ўқувчилар Гаокаога 3 йиллик юқори мактаб даврининг бошиданоқ тайёргарлик кўра бошлайдилар. Аммо тайёргарлик кўпинча ундан ҳам олдин бошланади — баъзи оила ва мактаблар боласини 10–12 ёшидан бошлаб «Гаокао режими» га ўтказишади.
Мактаблардаги машғулотлар эрталаб соат 6:30 да бошланади ва кечки 10:00 гача давом этади. Кўпчилик ўқувчилар учун бу даврда уйқу шунчаки орзуга айланади. Чунки дарсдан кейин ҳам қўшимча машғулотлар ва тестларни бажаришади. Баъзи ҳудудларда ҳаттоки махсус «Гаокао тайёрлов интернатлари» мавжуд бўлиб, у ерда ўқувчилар бутунлай ташқи дунёдан ажралиб, фақат имтиҳонга тайёрланадилар.
![]()
Имтиҳон қандай ўтади?
Гаокао 3–4 асосий бўлимдан иборат бўлади:
Хитой тили ва адабиёти;
Математика;
Инглиз тили (ёки бошқа хорижий тил);
Ихтисослик фанлари: Гуманитар блок (тарих, сиёсат, география) ёки Аниқ фанлар (физика, кимё, биология)
Барча фанлар бўйича ёзма тестлар топширилади. Ҳар бир тестда нафақат фактларни эслаб қолиш, балки танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш талаб қилинади. Баҳолаш тизими ўта қатъий — ҳар бир баллнинг аҳамияти жуда катта.

Имтиҳон нега бу қадар мураккаб?
Хитойда аҳоли сони жуда кўп ва рақобат даражаси ҳам жуда юқори. Ҳар йили 10 миллиондан ортиқ абитуриент ушбу имтиҳонни топширади. Юқори рейтингдаги университетларга кириш фақат энг юқори балл тўплаганларга насиб қилади.
Бу имтиҳон оила, жамият ва ўқитувчилар томонидан ўта катта босим остида ўтилади. Болалар ўз орзулари эмас, балки бутун оиланинг умидини елкасида ҳис қилишади.
Қаттиқ интизом, сурункали уйқусизлик, ижтимоий ҳаётдан бутунлай узилиш — буларнинг барчаси Гаокаога тайёргарликнинг бир бўлаги.
Қизиқарли фактлар
Имтиҳон вақтида маълум вақт давомида ҳар-хил «ўйинлар» бўлмаслиги учун симсиз алоқа воситалари, интернет вақтинча ўчирилади. Баъзи жойларда имтиҳон вақтида тиббий ёрдам кўрсатувчилар ва руҳий ёрдам хизматлари имтиҳон марказлари атрофида тайёр туради.
Бой оилалар бола қулайроқ ҳудудда имтиҳон топшириши учун бошқа шаҳарга вақтинчага кўчиб ўтадилар.

Тест жавобларини текширишда сунъий интеллектдан фойдаланилади. Жавоблар автоматлаштирилган тизимлар орқали текширилади, лекин энг юқори балл тўплаганлар жавоблари инсон томонидан қайта текширилади.
Имтиҳон натижасидан ёки университетга қабулдан норози бўлган ўқувчилар кейинги йилда Гаокаони қайта топшириш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат Хитойда кенг тарқалган ва одатий ҳисобланади.
Имтиҳондан сўнг, талаба ҳаёти фақат ўқиш билан чекланмайди. Кўплаб битирувчилар бу вақтни саёҳат қилиш, вақтинчалик иш топиш ёки бошқа фаолиятлар билан ўтказадилар.

Хулоса
Гаокао бу шунчаки тест эмас — бу Хитой ёшлари учун ночорликни енгиб ўтиш, катта шаҳарларда ўқиш, хорижда ўқиш учун стипендия олиш, давлат ишларида ишлаш ёки умуман оиланинг келажагини яхшилаш имконидир.
Шу сабабли бу имтиҳон Хитой ёшларининг ҳаётидаги энг катта жанглардан бири ҳисобланади. Ва бу жангда ютганлар — нафақат университетга, балки жамиятда юқори мақомга ҳам эга бўладилар.
