2025 йил 20-21 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида олий таълим ташкилотлари битирувчи талабалари учун «TalabaExpo – 2025» касб кўргазмаси бўлиб ўтади.
Тадбир «Келажакка қадам» дастури, «Долзарб 90 кун» доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, «Ўзмиллийбанк» АЖ, Савдо-саноат палатаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида битирувчилар бандлигига кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда.
Мазкур кўргазма мамлакатимиздаги 300 га яқин йирик иш берувчи корхоналар, тижорат банклари ҳамда 20 минг нафардан зиёд талаба-ёшларни бир жойда жамлайди.
Ушбу кенг қамровли тадбир битирувчи талабалар учун реал иш имкониятлари, мос касбни танлаш ва келажакдаги фаолиятни белгилашда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
2 кун давом этадиган кенг қамровли кўргазма давомида:
– «Талаба – келажак» битирувчилар билан мулоқот;
– семинар-тренинглар;
– бизнес ва стартап лойиҳалар тақдимоти;
– олийгоҳлар билан танишув;
– имтиёзли кредитлар;
– маданий шоу ва мусиқий кечалар.
Самарқанддаги олий таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари, шунингдек, бошқа ҳудудларда таҳсил олаётган самарқандлик битирувчиларни ҳамда абитуриентларни кўргазмага таклиф этилади.
Манзил: Самарқанд шаҳар, Университет хиёбони.
