Бухородаги нодавлат МТТ да 2 ёшли бола ток уриши натижасида вафот этди

Бухородаги нодавлат МТТ да 2 ёшли бола ток уриши натижасида вафот этди

 

Жорий йилнинг 28 март куни Бухоро туманида жойлашган ЯТТ Холбоева Ўлмас Узоқ қизига қарашли бўлган нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 2 ёшли бола электр токи уриши натижасида вафот этган. Бу ҳақда Бухоро вилоят прокуратураси хабар берди.

 

 

Вилоят прокуратурасининг хабарига кўра, ушбу тарбияланувчи 2023 йилда туғилган Шарипов Шахрам электр токи уриши натижасида вафот этган.

 

 

Дастлабки терговда мазкур нодавлат МТТ тарбиячиси М.Джумаеванинг вазифасига ёши ва индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш каби касбий мажбуриятлар кириши белгиланган бўлсада, ўз касбига нисбатан бепарво ҳамда ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги ва ўзига бириктирилган гуруҳда тарбияланувчиларни қаровсиз қолдирганлиги аниқланган.

 

 

2025 йил 2 апрелда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан боғча тарбиячига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

 

 

Мазкур жиноят иши 2025 йил 18 июнда мазмунан кўришлик учун суд муҳокамасига юборилган.