ChatGPT ва бошқа сунъий интеллект ёрдамчиларининг таълим ва ижодий соҳаларга кириб келиши нафақат имкониятлар, балки хавфларни ҳам юзага чиқармоқда. MIT (Massachusets Texnologiya Instituti) олимлари олиб борган янги тадқиқот, инсон мияси фаолиятининг бу технологиялар билан қандай ўзгараётганини чуқур ўрганиб чиқди.
МИТ нейробиологлари томонидан ўтказилган тўрт ой давом этган тадқиқотда 54 нафар иштирокчи уч гуруҳга бўлинган: бири ChatGPT каби сунъий интеллект ёрдамчиларидан фойдаланган, иккинчиси фақат қидирув тизимлари билан ишлаган, учинчиси эса мустақил, ҳеч қандай ташқи воситаларсиз ижодий ишларни бажарган.
Иштирокчилар иншолар ёзиш, матнлар таҳлили каби ижодий вазифаларни бажаришган ва уларнинг мия фаолияти elektroensefalografiya (EEG) орқали назорат қилинган. Тўртинчи босқичда баъзи иштирокчилар бошқа иш режимига ўтказилиб, турли усуллар орасидаги фарқлар ҳам ўрганилган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики:
Энг фаол мия фаоллиги мустақил ишлаган гуруҳда кузатилган. Уларнинг нейрон тармоқлари кучли ва кенг тарқалган бўлган.
Қидирув тизими фойдаланувчилари ўртача даражадаги ақлий фаолиятни намоён этишган.
Сунъий интеллект ёрдамчилари билан ишлаган гуруҳ эса энг паст мия фаоллиги ва суст ақлий иштирокни намоён этган.
Айниқса «когнитив қарз» деб аталган ҳолат олимларни жиддий ўйлантириб қўйган. Бу ҳолатда илгари СИ ёрдамидан фойдаланган иштирокчилар мустақил ишлашга ўтгач, мия фаолиятининг пасайиши кузатилган— яъни миялари мустақил фикрлаш қобилиятини йўқота бошлаган.
Лексик таҳлиллар СИ ёрдамида ёзилган иншолар бир-бирига ўхшаш бўлиб, структураси, далиллаш услуби ва ибораларининг такрорланишини кўрсатган. Ўқитувчилар бундай матнларни осонгина ажратиб олишган.
Бундан ташқари:
Талабалар ўз матнларига эгалик ҳисини кам сезган.
Ўз ишларини эслаб қолишга қийналишган.
Иншо ёзишга кам вақт ажратиб, натижаларга камроқ эътибор берганлар.
Сунъий интеллект томонидан тақдим этилаётган қулайликлар шубҳасиз яхши, аммо бу технологиялар инсонда танқидий фикрлаш, когнитив ривожланиш ва интеллектуал мустақилликни сусайтириши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Узоқ муддатли таъсирлар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, аммо дастлабки натижалар сунъий интеллектдан ортиқча фойдаланиш инсон мияси учун салбий оқибатлар туғдириши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Бу эса шуни англатадики: фикрлаш масъулиятини сунъий интеллектга топшириш – бу оддий қулайлик эмас, балки саломатлик ва ақлий мустақиллик учун реал таҳдид бўлади.
