Бугун, 16 июнь куни АОКА да сиртқи таълим шакли тугатилиши юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан келаётган саволларга жавоб берилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда манфаатдор республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштирилган кундузги таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тартиби бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.
Мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time таълим) — талабаларга иш жойи билан боғлиқ фаолиятни давом эттирган ҳолда, кундузги таълим тизими асосида таълим олиш имконини берадиган замонавий ва қулай таълим формати бўлиб, унда таълим жараёни ва иш фаолияти мувозанатли тарзда олиб борилади.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилганидан сўнг, ушбу таълим шаклини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги 21 та давлат ОТМ да ҳамда қатор нодавлат олий таълим ташкилотларида тегишли таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли самарали йўлга қўйилган.
Таъкидланишича, 2025/2026 ўқув йилида бошқа олий таълим ташкилотларида ҳам масофавий таълим шакли бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича зарурий чора-тадбирлар, жумладан, масофавий таълим платформалари яратилиб, уларни зарурий контентлар билан тўлдириш ишлари ташкил қилинмоқда.
Масофавий таълим шаклига ўқишга кириш умумий тартибда амалга оширилиб, абитуриентлардан қўшимча мажбуриятлар талаб этилмайди.
