Германияда мактаб ўқувчиларига ҳар ойда 10 евро ажратиш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда CNBC нашри хабар берди.
Унга кўра, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларига ҳар ой давлат томонидан 10 евро (тахминан 11 доллар) берилади — бу 12 йил давомида ҳар бир болага жами 1,440 евро бўлади. Сўнг уларнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. Шунингдек, ушбу маблағлар инвестиция қилинса, қўшимча фойда ҳам йиғилиши мумкин.
18 ёшга кирганлар шундан кейин ўзларининг шахсий маблағларини ҳам белгиланган йиллик чегаралар доирасида ҳисобга қўшиши мумкин. Ҳар қандай даромад пенсиягача солиқсиз бўлади, пенсияга чиққанлар эса мазкур маблағни олиш имконига эга бўлади.
Германияда ҳозирги пенсияга чиқиш ёши 67 бўлиб, бу ёш келажакда яна оширилиши мумкин. Демак, бу тежамкорлик 60 йилдан ортиқ вақт давомида йиғилиши мумкин.
Сиёсатчиларнинг фикрига кўра, бу ташаббус нафақат ёшларни келажакка тайёрлаш учун, балки уларни пул, тежамкорлик ва инвестиция ҳақида хабардор ва билимли қилишга ёрдам беради.
Ҳақиқий режа бўлиш эҳтимоли?
Ҳозиргача кўп тафсилотлар аниқ эмас. Тежамкорлик маблағлари қандай инвестиция қилинади ва ким уларни бошқаради, ҳали маълум эмас.
Баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра, бу инвестициялар умумий миқдорда ҳар бир шахс учун катта пул бўлмаслиги мумкин. Берлиндаги DIW тадқиқот институтининг жамоат иқтисодиёти бўлими ўринбосари Ёханнес Гейер CNBCга айтиб ўтганидек, бу сумма асосан рамзий ҳисобланади.
Унинг фикрига кўра, бу сиёсат одамларни молиявий хавфсизлик ҳақида эрта ўйлашга ундаш ва капитал бозорларига қизиқишини ошириш учун хизмат қилиши мумкин, айниқса бу мавзуда оилада суҳбат кам бўлган жойларда.
Бироқ, Гейер бу сценарийнинг реал бўлиш эҳтимоли шубҳали эканлигини таъкидлаган.
«Одамлар пулни пассив равишда олиб, ўзлари инвестиция қарорларини қабул қилмасалар, молиявий билимларни қандай яхшилашлари аниқ эмас. Фақатгина инвестиция қарорлари билан ъалоқадаъ бўлиш яхши танловларга олиб келавермайди», — деган у CNBCга.


