Узрли сабабларга кўра аттестацияда қатнашмаган педагогларга қачон тест ўтказилади?

Узрли сабабларга кўра аттестацияда қатнашмаган педагогларга қачон тест ўтказилади?

Маълумки, жорий йилнинг 15 апрель санасидан бошлаб, 14 майга қадар педагог ходимлар учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтди. Аммо вазирлик томонидан узрли сабабларга кўра аттестацияда қатнашмаган педагог кадрлар учун қачон тест синовлари бўлиб ўтиши маълум қилинганича йўқ.

 

Чунки, низомда узрли сабабларга кўра аттестацияда қатнашмаган педагоглар учун ташкил этиладиган тест синовлари асосий тест синовлари бўлиб ўтганидан кейин айнан қанча муддатда ўтказилиши бўйича аниқ норма йўқ. Яъни, низомда тест синовлари бошқа муддатга кўчирилиши назарда тутилган.

 

Қайси ҳолатлар узрли сабаблар ҳисобланади?

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 45-бандига кўра педагог кадрлар аттестацияга узрли сабабга кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилиши белгиланган.

 

Низом талабларига кўра, қуйидаги ҳолатлар узрли сабабларга ҳисобланади:

 

– ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги;

– давлат ёки жамоат вазифаларини бажарганлиги;

– республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этганлиги;

– вақтинча хорижий мамлакатда сафарда бўлганлиги;

– яқин қариндошининг вафоти;

– ваколатли давлат органи ёки таълим ташкилотлари раҳбарларининг маълумотномасида кўрсатилган бошқа асослар.

 

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги xalqtaliminfo.uz таҳририятга тақдим этилган маълумотларга кўра, аттестацияда қатнашмаган педагоглар учун навбатдан ташқари тест синовларини куз ойларида ўтказиш режа қилинмоқда.

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган низом 36-бандига кўра, педагог кадрлар учун малака синовлари ҳар йили март май ҳамда октябрь ноябрь ойларида ўтказилиши белгиланган.

 

«Агар узрли сабабларга кўра баҳорги аттестацияда қатнашмаган педагоглар учун навбатдан ташқари тест синовлари ўтказилиши аниқ бўлганида, вазирлик 31 майга қадар тест синовларини ташкил этган бўларди. Ушбу муддат эса деярли тугаб бўлди, 31 майдан кейин эса тест ўтказишнинг имкони йўқ. Чунки вазирлик низом талабларидан четга чиқолмайди. Шу сабабли, узрли сабабларга кўра аттестацияда қатнашмаган педагоглар учун октябрь ноябрь ойларида тест синовлари ўтказилиши аниқ», деб ёзилади xalqtaliminfo.uz хабарида.

 

 

Эслатма! Бунда педагог кадрлар узрли сабабларга кўра навбатдан ташқари аттестацияга келмаганлиги туфайли уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, йиғим такроран ундирилмайди.