Хитойда бошланғич синф ўқувчиларига сунъий интеллектдан фойдаланиш ман қилинди

Хитойда бошланғич синф ўқувчиларига сунъий интеллектдан фойдаланиш ман қилинди

Хитойда бошланғич мактаб ўқувчиларига сунъий интеллект (СИ) асосидаги контент яратиш воситаларидан мустақил фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда China Daily нашри Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлигининг тегишли қўмитаси томонидан эълон қилинган янги қўлланмага таяниб хабар берди.

 

Мазкур қўлланмага кўра, бошланғич синф ўқувчиларига генератив СИ воситаларидан мустақил фойдаланиш ман этилади.

Ўрта ва айниқса юқори синфларда СИ воситаларидан фойдаланиш имконияти кенгаяди. 7-синфдан бошлаб ўрта мактаб ўқувчилари сунъий интеллект ёрдамида масалаларни ҳал қилиб, нейротармоқларнинг амалий қўлланилишини ўрганади. Юқори синф ўқувчилари эса СИънинг техник ишлаш тамойилларини ўрганишлари ва ўз моделларини яратиши кутилмоқда.

 

Шу билан бирга, барча ўқувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:

 

– СИ ёрдамида яратилган ишни ўзлариники деб кўрсатиш;

– сунъий интеллектдан кўчириб ёзиш (плагиат) учун фойдаланиш;

– креатив топшириқларни СИъга тўлиқ топшириб, натижани танқидий баҳоламаслик.

 

Ўқитувчилар учун ҳам чекловлар жорий этилади. Яъни, баҳо қўйишда сунъий интеллектдан фойдаланиш ва ўқувчиларнинг махфий маълумотларини қайта ишлаш тақиқланади.

 

 

Қўлланмада, шунингдек, СИъдан фойдаланиш сиёсатини ва малумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини маҳаллий таълим бошқармалари ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланган. Бундан ташқари, улар мактаблар учун мақбул СИ воситаларининг янгиланиб турувчи «оқ рўйхатлари»ни тузишлари керак бўлади.

 

 

Хитой Таълим вазирлиги мактабларда СИ технологияларини ўрганиш учун зарур инфратузилмани яратиш мақсадида таълим тизимига инвестициялар ҳажми оширилишини билдирган. Бундан ташқари, ўқитувчилар учун СИ бўйича кўпроқ ўқув дастурлари таклиф этилиши, шунингдек, қишлоқ мактаблари билан шаҳардаги мактаблар ўртасидаги технологик ва таълимий тафовутларни камайтириш чоралари кўрилиши режалаштирилмоқда.

 

 

Аввалроқ Хитой Таълим вазирлиги бошланғич ва ўрта мактабларда сунъий интеллект технологияларини ўқитиш дастурларини жорий этишга чақирган эди. Бу ташаббус Хитойнинг келажакдаги инновацион кадрлар талабини қондириш, ўқувчиларнинг рақамли кўникмаларини ва муаммоларни ҳал қилиш салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган. Ҳатто кичик синфлардаёқ ўқувчилар СИ ҳақида бошланғич тасаввурга эга бўлишлари керак.

 

 

Россияда эса СИ технологиялари билан ишлашни ўқувчиларга ўргатиш зарурлиги ҳақида 2023 йилда эълон қилинган эди. Яқинда эса 5–9-синфлар учун дастлабки ўқув қўлланмалари тайёрлангани маълум бўлди, бироқ улар фақат дарсдан ташқари машғулотлар учун мўлжалланган.