«Мажбурий обуна ортидан миллионлар!» — вазирлик муносабат билдирди

«Мажбурий обуна ортидан миллионлар!» — вазирлик муносабат билдирди

 

Ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари номидан барча давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларига юборилган расмий хат нусхаси тарқалди.

 

 

Ушбу ҳужжатда «Media Affairs» МЧЖга қарашли «Platina.uz» сайти ҳамда «Masofatalim» ва «Pressuzb» Telegram каналлари билан тижорий ҳамкорликни йўлга қўйиш тавсия этилгани билдирилган.

 

Тижорий таклиф ОТМ зиммасига ортилган юк (ми)?

 

Нашр этилган хабарларда, айрим фойдаланувчилар ОТМ матбуот котибларининг ойлиги паст бўлган шароитда улардан пуллик асосда ҳамкорлик талаб қилинаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирган.

 

 

ОТМ вакилларининг мурожаатига кўра, шундоқ ҳам олий таълим соҳасидаги янгиликларни беминнат ва беғараз ёритилаётган бўлишига қарамай, эндиликда бунга ҳам маблағ ажратилиши кўпчиликнинг нафсониятига тега бошлаган.

 

«1 млн 900 сўм ойлик беришади, моддий техник база ёки қўшимча штатлар учун маблағ ажратилмайди. Қўлимиздаги телефон билан университетда «расмчи» деган номдан ортиғига эришмаган биз каби матбуот котибларини ойлигини кўтариш ўрнига энди пул тўлаб тадбирларни ёритишимизни айтаётганлари ғазабимизни келтирмоқда. Ундан кўра кунимизга аранг етадиган ойлик маошни кўтаришса бўлмайдими?» – деди давлат ОТМларидан бирининг матбуот котиби.

 

Шунингдек, «Нодавлат олий таълим муассасалари» канали бу борада қуйидагича саволларни қолдирди:

 

1. Таълим соҳасида устун мавқега эга бўлган ташкилотнинг ўз тасарруфидаги муассасаларга соҳа юзасидан тижорий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тавсия берилиши қанчалик тўғри?

2. Нега айнан «Медиа Аффаирс» МЧЖ билан тижорий ҳамкорлик тавсия этиляпти, муқобил бир нечта таклифлар ҳам кўрсатилмаяпти?

3. Бу ерда ахборот монополлашиши, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа қонун бузилиши ҳолатлари юзага келмаяптими?

 

«Маsofatalim» канали ушбу ҳолатга муносабат билдирар экан, ҳар қандай тадбиркорлик субъекти тижорий таклиф юборишга ҳақли эканини таъкидлаб, тарқатилган постлар субъектнинг ишчанлик обрўсига путур етказаётгани ҳақида баёнот берди. Канал вакиллари ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

 

«Мажбурий обуна ортидан миллионлар!» — вазирлик муносабат билдирди

«Мажбурий обуна ортидан миллионлар!» — вазирлик муносабат билдирди

 

Вазирлик иддаоларни рад этди

 

Вазиятга изоҳ берган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова тарқалган маълумотларни асоссиз деб атади. Унга кўра, бундай мурожаатлар вазирликка одатий тартибда, электрон ҳужжат айланиш тизими орқали келиб тушади ва белгиланган ҳуқуқий асосда кўриб чиқилади.

 

«Media Affairs» МЧЖ томонидан вазирликка олий таълимдаги ислоҳотларни ёритиш, пиар материаллар чоп этиш ва ахборот-таҳлилий ҳамкорлик бўйича таклиф келиб тушган. Бу таклифга жавобан, вазирлик томонидан олий таълим муассасаларига тавсиявий мазмундаги хат юборилган. Унда тижорий шартнома тузиш бўйича ҳеч қандай буйруқ ёки мажбурият белгиланмаган, — деди Абдуқундузова.

 

Вазирлик баёнотида айтилишича, бу каби хатлар биргина «Media Affairs» МЧЖ билан чекланмайди. Обуна мавсумларида бошқа босма нашрлар ҳам шунга ўхшаш таклифлар билан мурожаат қилади ва улар ҳам худди шу тартибда кўриб чиқилади.

 

 

Ахборот ресурслари билан ҳамкорлик қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳар бир олий таълим муассасасининг ички сиёсати ва молиявий имкониятларига боғлиқ.

 

 

Вазирлик барча расмий мурожаатларни бир хил тартибда кўриб чиқишини, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслигини ва ахборот очиқлиги, рақобат ҳамда шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилинишини таъкидлади.

 

 

Баёнотда, шунингдек, барча ахборот воситаларидан масъулият билан ёндашиш, жамоатчиликдан эса фақат расмий манбалар асосида хулоса чиқариш сўралган.