Андижон вилоятидаги мактаблардан бирида ўқувчи ўз ўқитувчисига мушт туширди. Бу ҳақда «Бу кун» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, бундан бир ой аввал Андижон туманидаги умумтаълим мактабида 10-синфдаги дарс вақтида ўқувчи ва ўқитувчи иштирокида жанжал содир бўлган. Тортишув иштирокчилари жаримага тортилган.
«Сақични бер деганда, оғзимда сақич йўқ, хоҳласанг келиб ол деган. Келиб олганда худди ураётгандек бўлган. Кейин ўқувчи муштлаб урган. Воқеадан кейин яраштирув бўлган. Бу иш судгаям чиқарилган», — дейди мактаб масъул ходими.
Воқеа иштирокчиси бўлган бола эса ўқитувчи уни ҳақоратлаганини таъкидламоқда.
«Менга сақичинг борми, деди. Йўқ, десам топиб олсам у қиламан, бу қиламан деб ҳақорат қилишни бошлади. Бўпти топиб олаверинг, десам келиб менга ташланяпти. Мен ўзимни ҳимоя қилдим. Менга икки марта шапалоқ урди. Ўрнимдан турсам, яна 2 марта шапалоқ уряпти. Ошналаримнинг олдида, ҳамманинг олдида уриб ташлаяпти», — дейди ўқувчи.
