Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНИСEФ ўртасида сифатли ва инклюзив таълимни ривожлантиришга қаратилган, умумий қиймати 19,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлган икки йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди. Бу ҳақда ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.
Лойиҳалар Ислом тараққиёт банки, Ислом тараққиёт жамғармаси ва Глобал таълим ҳамкорлиги томонидан молиялаштирилмоқда. Улар иқлим ўзгариши тўғрисида хабардорликни ошириш, инклюзив таълим амалиётларини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-эмоционал ўқитишни тарғиб қилувчи янгиланган Миллий ўқув дастури ва баҳолаш тизимини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
УНИCЭФ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижионинг таъкидлашича, бу дастурнинг амалга оширилиши «ҳамкорликнинг трансформацион кучидан» далолат беради ва мамлакатда зарур таълим ислоҳотларини жадаллаштириш учун муҳим имконият яратади.
«УНИCЭФнинг қўшимча қиймати шундаки, у компетенцияга асосланган таълим ва ўқув натижалари бўйича илғор халқаро тажрибаларни Ўзбекистон таълим тизимига татбиқ этади. Бу эса айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламдаги болаларнинг зарур кўникмаларга эга бўлишини таъминлайди,» — деди УНИCЭФ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.
