«Оиламиздан стипендия: «Кўмак»«, — деб ёзмоқда Инобат Аҳатова ўзининг Х тармоғидаги саҳифасида.
Инобат Аҳатова ўзи ўқиган мактабда ўқувчилар учун стипендия жорий қилди. Ушбу стипендия 2 йўналишда берилади.
– биринчиси, фанлардан энг яхши ўқиган ўқувчилар орасидан танланади, ғолиб ҳар ойда ҳар хил фанлардан махсус имтиҳон асосида танланади.
– иккинчи йўналиш, эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилавий шароити оғир ўқувчиларнинг ҳар ойлик қўшимча дарслари пули тўлаб берилади.
Бугун биринчи стипендия 1-йўналиш бўйича 6 нафар, 2-йўналишда 5 ўқувчига, жами 11 нафар ўқувчига берилган.
«Дадам хотираси учун қилган стипендиямизни «Кўмак» деб номладим. Биласизлар, бу жадидлар асос солган, туркистонлик ёшларнинг хорижда илғор билимларни ўқиб келиши учун ташкил этилган жамғарма номи.
Стипендияни йил бошидан бошламоқчи эдим, лекин 1-2 ой сал йиғиниб, ҳеч қурса 6 ой, 1 йиллик харажатларни кафолатлагандимдан кейин бошлаш янада тўғри деб ўйладим. Чунки молиялаштиришга фақат ўз маблағларимдан сарфлашни режа қилганман. Келаси йил сентябрни кутишга эса сабрим чидамади. Эринмасдан махсус лого қилдирдим, муҳр ясатдим, сертификатлар чиқардим, пулларни конвертларга тахладим. Анчадан бери бунақа ҳаяжонланмагандим.
Бугун мактаб жамоаси, ўқитувчилар бу янгиликни ўқувчилар, ота-оналар қандай қизиқиш билан кутиб олгани, келаси ойдаги имтиҳон учун тайёргарликлар эса аллақачон бошлангани, ҳозирданоқ уйимизга раҳмат айтиб келмоқчи бўлганлар сони ошаётгани, дадам ҳаққига қилинган дуоларни кўриб юрагим бошқача бўлди. Ишонаман, агар бутун умрини фарзандларини ўқитиш, оёққа қўйишга сарфлаган дадам тирик бўлганида бу ишимни қўллаб-қувватларди. Дадамнинг номи ҳар доим яхши ишлар билан боғланишини истайман.
Мен доим таълим ҳомийси бўлган бой одамларга ҳавас қилганман. Ҳаётимиздаги охирги воқеалар, айрилиқлар ҳаётий қарашларимга анчайин таъсир қилди. Яхшилик қилиш учун вазият, ҳомийлик қилиш учун бой бўлишни кутиш керак эмас экан. Ҳозир имконингиз борича ёрдам, яхшиликлар қилаверинг, эрта қандай бўлишини билмайсиз.
Бу кичик ташаббус менга таълим берган мактаб, ҳаётда таълим олишимда ёрдамини аямаган яхши инсонларга ҳурмат белгиси, улар олдидаги бурч», — дейди стипендия ташкилотчиси Инобат Аҳатова.


