Бухорода яна бир 20 ёшли талаба ўз жонига қасд қилди

Бухорода яна бир 20 ёшли талаба ўз жонига қасд қилди

27 апрель куни Бухоро давлат техника университетининг ётоқхонасининг 1-қаватида яшаб турган биринчи курс талабаси ўзини осиб, жонига қасд қилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Бугун, 28 апрель куни ҳам ушбу университетнинг яна бир талабаси тонг саҳарда ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

 

Маълумотга кўра, талаба Ф.Д. (эркак) талабалар турар-жойида ўзини осиб ўлдирган. Ҳозирда ҳудуддан талабаларнинг чиқиши тақиқланган. Ётоқхона қабристон устида қурилгани айтилмоқда. Айрим хабарларга кўра, ушбу сурункали суиқасдлар университет талабаларига қаттиқ таъсир қилган. Улар ҳар тонг ваҳима билан уйғонмоқда.

 

«Бизнинг руҳиятимизга жуда қаттиқ таъсир қиляпти бу. Катталар келиб ҳолатни ўрганиб, бунақа аянчли ишларни олдини олмайдими?! Ҳар бир талаба билан суҳбат қилиб, руҳий ҳолатини ўрганиш керакдир», — деган университет талабаларида бири.

 

Университет масъулларидан бири бўлиб ўтган суиқасд ҳолатида талабалар билан алоҳида ишлар олиб борилаётганини, ҳозирги кунда вазиятни янада чуқур ўрганиш ва талабаларнинг психологик ҳолатини яхшилаш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилаётганини маълум қилган.

 

«Жумладан, талабалар ўртасидаги психологик стрессни бартараф этиш ва руҳий ҳолатларини яхшилаш учун психологлар томонидан индивидуал ва гуруҳли суҳбатлар олиб борилмоқда. Талабаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини сақлаш мақсадида, тегишли соҳа шифокорлари томонидан суҳбатлар ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда. Шифокорлар талабаларга соғлиқни сақлаш, стрессни бартараф этиш бўйича тавсиялар бермоқда», — дейди университет масъули.

 

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳодиса ҳақиқатдан ҳам бугун, 28 апрель куни соат тахминан 06:20 лар атрофида содир бўлган.

 

2005 йилда туғилган фуқаро Ф.Д. (2-босқич талабаси) номаълум сабабларга кўра Бухоро давлат техника университети қошидаги академик лицейида жойлашган спорт залининг том қисмига чиқиб, бўйин соҳасидан ўзини осиб, вафот этган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Марҳумнинг Instagramʼдаги саҳифасига 27-28 апрель кунлари 3 маротаба ўз жонига қасд қилиш мазмунидаги лавҳаларни жойлагани аниқланган.