Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Таълим сифатини аниқлашда ҳам халқаро услублар жорий этилмоқда. Бу йил 233 та мактабдаги 9 минг нафар 15 ёшли ўқувчининг билими «PISA» халқаро дастури орқали баҳоланиши тақдимот қилинди.
Тақдимотда маълум қилинишича, ҳозирги кунда 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаяпти. Бу йил бюджет ҳисобидан 112 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилади. Аҳоли ўсиши ҳисобига, мактабларга эҳтиёж ҳам ортиб бораётганлиги учун Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб этиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, мактаб ёшидаги болаларнинг 80 фоизи интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол. Уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Лекин, ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратаётган ижодкорлар саноқли.
Шулардан келиб чиқиб, болаларга хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, миллий контентларни кўпайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
