Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланди. Бу президентнинг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланди.
Фамонга кўра, академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлади.
Академиянинг асосий вазифалари:
– исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;
– таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
– виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
– диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
– талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
– мамлакатда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.
Академияга қўмита билан келишган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилади. Академия талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаши ва узайтириши мумкин.
Шунингдек, етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш, ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш ҳуқуқи берилди.
