Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда бир қатор мансабдор шахслар пора олаётган вақтида қўлга олинган.
Унда Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан сабоқ бераётган ўқитувчини бошқа бир мактабга директор лавозимига тайинлаш эвазига ўз хизмат хонасида 3 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда «Янгийўл» ТИФ божхона пости инспектори хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, Қозоғистондан буғдой олиб кираётган МЧЖ га тегишли юк вагонларини ҳеч қандай муаммосиз расмийлаштириб бериш эвазига учинчи шахс орқали 2700 АҚШ доллари олган вақтда ушланган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Жомбой тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи эса фуқаронинг яшаш хонадонида хусусий мактабгача таълим муассасаси очишига кўмаклашиш, ёнғин хавфсизлиги хулосасини тақдим этиш ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига 200 АҚШ доллари олган вақтда ушланган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи тумандаги МЧЖга карьер фаолиятини юритиш учун экологик хулоса бериш, «Наквойсой» ҳудудидан тош-шағал қазиб олишга рухсат бериш ва фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан барча мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
