Сўнгги бир неча йил ичида генератив нейротармоқларга асосланган ёрдамчилар — сунъий интеллект репетиторлари, тюторлар ва ҳатто ўқитувчилар — таълим жараёнига фаол кириб келди. Масалан, БАА ва Сингапурда бундай ботлар мактабларда кенг миқёсда қўлланилиши белгиланган. Бу ташаббус тарафдорлари — жумладан, Билль Гейтс ва Германиядаги энг йирик халқаро амалий фанлар университети IU раҳбари Sven Schütt — сунъий интеллект таълимда инқилоб ясайди, деб ҳисоблайди. Сабаби сунъий интеллектлар ўқув жараёнини шахсийлаштириш, мотивацияни сақлаб қолишда самарали бўлиши мумкин.
Бироқ бошқа экспертлар бу жараённи шунчаки «хайп» деб аташмоқда. Масалан, Десмос компаниясининг бош илмий ходими Ден Маер фикрича, нейротармоқларнинг ҳақиқий салоҳияти чекланган.
Ким ҳақ?
Бунга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Аввалроқ ўтказилган метаанализда чат-ботларнинг таълимдаги роли ўрганилган эди. Натижалар бир-бирига зид бўлиб чиқди: айрим тадқиқотлар салбий таъсир кўрсатди ёки умуман таъсир аниқланмади. Аммо ижобий томонлари ҳам бор: сунъий интеллект ўқувчиларни кўпроқ қизиқтириши, мотивациясини ошириши ва таълимни фойдалироқ деб баҳолатиши мумкин.
ChatGPT га оид янги метаанализ
Яқинда Хитойлик олимлар айнан ChatGPT нинг ўқув жараёнига таъсирини таҳлил қилган тадқиқотни эълон қилди. Бу таҳлил ChatGPT дан фойдаланиш натижасида қуйидаги ижобий ўзгаришлар мумкинлигини кўрсатди:
ўқишдаги ютуқлар ошади;
когнитив кўникмалар ривожланади;
ўқишга мотивация кучаяди.
Аммо салбий томонлар ҳам бор — бу ботлар ўқувчиларнинг ўз кучи билан ишлашга бўлган интилишини камайтиради.
Қандай тадқиқотлар кўриб чиқилган?
69 та илмий иш таҳлил қилинган. Бу тадқиқотлар турли ёшдаги ўқувчилар (бошланғичдан университетгача) ва турли фанларни (лингвистика, дастурлаш, тиббиёт) қамраб олган. Тадқиқотларда иштирокчилардан билим, когнитив кўникмалар, мотивация, ўқувдаги куч сарфи ва ўзига ишонч даражаси (Бандура назарияси) баҳоланган.
ChatGPT ўқиш ва ақлий кўникмаларга қандай таъсир қилади?
Кўп ҳолларда ChatGPTТ натижаларни яхшилаган. Бунга сабаб — ўқув жараёнининг шахсийлаштирилганлиги, доимий маълумотга кириш ва чуқур тушунтиришлар.
Кўп тадқиқотларда баҳоларни ўқувчилар ChatGPT ёрдамида олган. Яъни, бу ўсиш билим эмас, балки «ботдан кўчириш» ҳисобига бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, кўникмалар ҳам ўқувчиларнинг субъектив баҳолари асосида ўлчанган. Яъни, улар ўзлари «мен яхшироқ ўрганяпман» деб ҳисоблаган. Бу эса объектив тестлар билан тасдиқланмаган.
Ўқувчилар ChatGPT билан ишлашни ёқтиришган ва бу уларда мотивацияни оширган. Аммо бу узоқ муддатли эмас — балки бу фақат янгилик эффекти бўлиши мумкин. Шунингдек, мактаб ўқувчиларига қараганда, талабалар бу воситадан кўпроқ фойда олишган.
Ўзига ишонч борасида аниқ ўсиш кузатилмаган. Баъзи тадқиқотларда бу борадаги ижобий ўзгаришлар кўрсатилган бўлсада, улар механизмларини тушунтириб бера олмаган.
Шунингдек, ChatGPT ўқувчиларга топшириқларни бажаришда ёрдам бергани боис, улар мустақил фикрлашга камроқ ҳаракат қилишади. Ҳатто, айрим тадқиқотларда тестда ChatGPT ишлатишга рухсат бўлмаган ҳолларда — ўқувчиларнинг натижалари ёмонлашган.
