Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини ўрганган касб-ҳунари бўйича якуний имтиҳондан ўтказиш ва уларга давлат намунасидаги электрон сертификат бериш тартиби тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ–53-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унга кўра, касбий таълим йўналишига мос касб-ҳунар ўрганган 11-синф битирувчиларига мактаб директорининг буйруғига асосан якуний имтиҳонни топширишга рухсат берилади.
Якуний имтиҳон ўтказиладиган куни ва вақти якуний аттестация комиссиянинг раиси томонидан тасдиқланади ва якуний имтиҳон бошланишидан камида ўн беш кун олдин ҳудудий касбий кўникмалар марказига расмий ҳабар берилади ҳамда умумий ўрта таълим мактабининг кириш қисмига осиб қўйилади.
Якуний имтиҳонни баҳолаш мезонлари ва якуний имтиҳон саволлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, умумий ўрта таълим мактабига етказилади.
Якуний имтиҳон натижалари имтиҳон якунлангандан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади. Имтиҳонга узрли сабабларга кўра келмаган ўқувчилар Комиссия қарорига асосан имтиҳонни шу йили 1 июлга қадар қайта топшириши мумкин. Қайта топширишдан ўта олмаган битирувчиларга сертификат берилмайди.
Битирувчиларга сертификат мактаб педагогик кенгашининг қарори асосида электрон платформа орқали берилади.
Битирувчиларга сертификат ҳар йили 25 июнга қадар берилади. Якуний имтиҳонни қайта топширган ёки маълум сабабларга кўра кеч топширган битирувчиларга сертификат 1 июлга қадар берилиши мумкин Битирувчилар ушбу сертификатни электрон платформадан бепул юклаб олишади. Платформадан юклаб олинган сертификат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, сертификатни платформа орқали қайтадан юклаб олишлари мумкин.
