ММТВ 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID карта) олиши зарурлигини билдирди

ММТВ 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID карта) олиши зарурлигини билдирди

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги телеграм каналида 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида ПАСПОРТ (ID КАРТА) олишларини сўради.

 

 

Таъкидланишича, бугунги кунга қадар жорий ўқув йилида мактабларни тамомлаётган 450 мингдан ортиқ ўқувчининг 16 ёшга тўлган 23 минг (5,1%) нафари паспорт (ID карта) олмаганлиги сабабли уларнинг паспорт маълумотлари электрон базага ҳозирча киритилмаган.

 

 

Маълумки, абитуриентларнинг ОТМ га кириш учун тегишли ҳужжатларни онлайн топшириш жараёнида битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини АБИТУР электрон дастурига киритиш талаб этилади. Шунинг учун 16 ёшга тўлган ҳар бир битирувчи ўз вақтида паспорт (ID карта) олиши зарурлигини таъкидлади.

 

 

Шунингдек, ушбу жараёнда битирувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон маълумотлар базаси Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг АБИТУР электрон дастури билан интеграция қилинган.

 

«Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчилар!

 

Фарзандингизнинг Конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, ўз вақтида паспорт (ID карта) олишини таъминлашингизни, мактаб маъмуриятидан эса битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини электрон базага киритиб, уларни келгусида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишида зарур кўмак беришингизни сўраймиз», — деб қўшимча қилинади вазирлик каналида.

 

 

Маълумот учун: Паспорт (ID карта) олиш учун ҳудудий ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ва Давлат хизматлари марказларига мурожаат этишлари зарур.