Ўзбекистон умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Жадидлар изидан» республика танлови ғолибларидан иборат делегация 11 март куни Германияга борди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Сафар давомида делегация вакиллари ХХ асрнинг бошларида Германияда таҳсил олган ўзбек жадидлари изларини ўрганиш мақсадида Берлиндаги турли таълим даргоҳлари ва кутубхоналарда бўлган.
Хусусан, улар Берлиннинг энг қадимий ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Ҳумболдт университети билан танишди. Олийгоҳнинг бой тарихи, Нобел мукофотига сазовор таниқли олимлари ва унда фаолият юритган мутафаккирлар ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, ўқувчилар Германияда олий таълим тизими, университет ва талабалар ҳаёти билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишган.
Бундан ташқари, ўқувчилар Германия парламенти –Бундестагга ташриф буюриб, мамлакатнинг сиёсий тизими, қонун чиқариш жараёнлари ва демократик тамойиллар ҳақида маълумот олишган. ГФРнинг ички ва ташқи сиёсати, шунингдек, ёшлар сиёсатига қизиқиш билдиришди. Бу учрашув ўқувчиларнинг сиёсий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, улар учун ушбу мамлакат парламентнинг тарихий биноси – Рейхстаг бўйлаб экскурсия уюштирилган.
Маълумот учун, 2024 йил октябрь декабрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини янада шакллантириш, аждодларнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш орқали уларни китобхонликка жалб этиш мақсадида «Жадидлар изидан» республика танлови ўтказилган эди.

