Педагог ўз касбий фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиш;
– замонавий педагогик технологияларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини ҳамда усулларини эркин танлаш ва улардан фойдаланиш;
– белгиланган тартибда муаллифлик дастурларини ва ўқитиш услубиётини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ижодий фаоллик кўрсатиш, шунингдек тегишли ўқув фанлари, курслари ва модулларидан фойдаланиш;касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;
– ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги давлат ахборот-ресурс ҳамда ахборот-кутубхона марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш;
– давлат таълим стандартларини, давлат таълим талабларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этиш;
– илмий, илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятни амалга ошириш, тажриба-синов фаолиятида иштирок этиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
– таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;
– ўз касбий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун педагогларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш ва уларда иштирок этиш;
– ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш;
– педагогик фаолияти давомида ўзига бириктирилган синфдаги (гуруҳдаги, курсдаги) таълим олувчиларнинг билимини мустақил баҳолаш;
– таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;
– давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиш (давлат таълим ташкилотлари учун);
– таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш.
Педагог қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
