«Йил ўқитувчиси» танловининг иккинчи ва учинчи босқичлари қандай тартибда ўтказилади?

«Йил ўқитувчиси» танловининг иккинчи ва учинчи босқичлари қандай тартибда ўтказилади?

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилда «Йил ўқитувчиси» танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга мукофот сифатида 50 минг АҚШ долларига яқин пул маблағи берилади.

 

Педагогларнинг касбий маҳорати, билим савияси ва маънавий салоҳиятини аниқлашга қаратилган «Йил ўқитувчиси» танлови аниқ белгиланган тартиб асосида уч босқичда ташкил этилади.

 

Танловнинг биринчи босқичи саралаш босқичи бўлиб, у танлов бошланадиган йилнинг октабр–декабрь ойларида ўтказилади.

 

Ушбу босқичда номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ҳамда касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади. Баҳолаш Ташкилий қўмита томонидан амалга оширилади.

 

Мазкур босқич Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17-центабрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибига мувофиқ равишда, ҳар икки йилда бир марта август–декабрь ойларида ўтказиладиган малака тоифа синовлари билан интеграция қилинган ҳолда, онлайн тарзда ташкил этилади.

 

Бунда 50 та тест топшириғи қуйидагича баҳоланади:

 

– мутахассислик фанидан 35 та савол — ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 балл;

– педагогик маҳорат бўйича 10 та савол — ҳар бири 2,1 балл;

– касб стандарти бўйича 5 та савол — ҳар бири 1,1 балл.

 

Натижаларга кўра, ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 3 нафар номзод танловнинг иккинчи босқичига йўлланма олади.

 

Агар баллар тенг келиб қолса, устуворлик амалдаги малака тоифаси, иш стажи ва мутахассислик фанидан тўпланган баллар асосида белгиланади. Зарур ҳолатларда барча тенг балл тўплаган номзодлар кейинги босқичга ўтказилиши мумкин.

 

Эслатма! Жорий йилги танловнинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтган педагоглар рўйхатини эълон қилган эдик.

 

Танловнинг иккинчи босқичи ғолиблар тақдирланадиган йилнинг январь–февраль ойларида ўтказилади. Бу босқичда номзодларнинг дарс ўтиш маҳорати баҳоланади. Синов дарслари ўтказиладиган мактаблар рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.

 

Бунда номзодлар ҳакамлар ҳайъати томонидан қуръа ташлаш орқали аниқланган синфда тасодифий мавзу асосида дарс ўтади ва бу жараён 60 баллик тизимда баҳоланади.

 

Шунингдек, махсус платформага жойлаштирилган дарс видеоёзувлари педагоглар томонидан 40 баллик тизимда баҳоланади.

 

Иккинчи босқич якунига кўра, ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафар номзод учинчи босқичга ўтказилади. Баллар тенг бўлиб қолган тақдирда, педагоглар иштирокида қайта овоз бериш ташкил этилади.

 

Танловнинг учинчи босқичи ғолиблар тақдирланадиган йилнинг апрель–май ойларида бўлиб ўтади. Унда номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти самарадорлиги ва китобхонлик даражаси тақдимот асосида 100 баллик тизимда баҳоланади.

 

Мазкур босқичда тўпланган баллар аввалги босқичлардаги балларга қўшилади ва туман миқёсида энг юқори умумий балл тўплаган номзод танлов ғолиби деб топилади.

 

Агар барча босқичлар якунида ҳам баллар тенг бўлиб қолса, ғолибни аниқлаш Ташкилий қўмита томонидан белгиланган қўшимча шартлар асосида амалга оширилади.

 

Муҳим жиҳати шундаки, танловнинг барча босқичларида номзодлар томонидан тўпланган баллар махсус платформа орқали очиқ эълон қилиб борилади, бу эса жараённинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.