Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига кўра, профессионал ва олий таълим ташкилотларида ўқиш мақсадида ўзининг, фарзандларининг, шунингдек йигирма олти ёшга тўлмаган турмуш ўртоғи учун тўланган даромадларига солиқ солинмайди.
Мазкур имтиёз банклардан олган таълим кредитларингизни (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Бу имтиёздан онлайн – my3.soliq.uz сайти ёки Солиқ мобил иловаси, қолаверса ўз ҳудудингиздаги солиқ органлари орқали фойдаланишингиз мумкин.
Ушбу тартиб супер-контракт учун тўлов қилинганда ҳам амал қилади.
Шунингдек, хусусий университетда таҳсил олаётган талабалар ҳам таълим олиши учун тўлаган суммадан 12 фоизлик даромад солиғини қайтариб олишлари мумкин.
Бунинг учун талаба таҳсил олаётган хусусий университет олий таълим вазирлигининг эду.уз сайтидаги Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари рўйхатида бор бўлиши лозим. Мазкур рўйхатга белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган хусусий олий таълим муассасалари ҳамда чет эл олий таълим муассасаларининг филиаллари киритилади.
Муҳим: Агар сиз олдинги йилларда ишлаган бўлсангиз, шартнома суммасини ўзингиз мустақил равишда тўлаган бўлсангиз, доимий яшаш жойидаги солиқ органига жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация ва қуйидаги ҳужжатларни топшириш орқали тўланган даромад солиғини қайтаришингиз мумкин:
— талаба билан олий таълим ташкилоти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
— тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси, бор бўлса;
— контракт маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
— паспорт нусхаси.
Агар таълим учун йўналтирилган маблағлар миқдори йиллик даромадингиздан ортиқ бўлса, бошқа оила аъзоси (ота/она, эр/хотин) солиқ тўланган сумманинг қолган қисмидан олинган даромад солиғини худди шу тарзда қайтариши мумкин. Бунда, у аввал имтиёз қўлланилган сумма миқдори тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилиши керак.
Қуйидаги видеода қайтариб олиш тартиби кўрсатилган: Солиқ имтиёзини қайтариб олиш
