Ўзбекистонда 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёевга сунъий интеллект (СИ) технологияларини жорий этиш учун зарур инфратузилмани шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

 

Маълум қилинишича, ҳозирда замонавий кичик суперкомпютер ишга туширилган. Катта қувватли суперкомпютерни харид қилиш ва фойдаланишга топшириш ишлари эса фаол босқичда давом этмоқда.

 

Лойиҳа доирасида 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилиши, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда маҳаллий СИ ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун кенг имкониятлар яратиш режалаштирилган.

 

Шунингдек, ҳудудларда замонавий дата-марказлар тармоғини кенгайтириш, маълумотлар хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Президент рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқаруви самарадорлигини кучайтириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, масъулларга тегишли топшириқлар берди.

 

2030 йилга қадар стартаплар сонини 5 мингга, экспорт бозорига чиққан стартаплар сонини 200 тага етказиш ҳамда венчур инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга ошириш мақсад қилинган.