Дарс пайтида ўқувчиларни дарсдан чиқариб юборган ўқитувчига қандай чора бор?

Дарс пайтида ўқувчиларни дарсдан чиқариб юборган ўқитувчига қандай чора бор?

Савол: Ассалому алайкум. Дарс пайтида ўқувчиларни дарсдан чиқариб юборган ўқитувчига қандай чора бор? Циркка мажбурий пул йиғиш қонунийми? Пул бермаган ўқувчи дарсдан чиқариб юборилиши тўғрими?

 

Жавоб: Ўқувчилардан пул йиғиш мажбурий эмас. Шунингдек, ўқувчини синфдан чиқариб юбориш ҳам мумкин эмас.

 

Бундай ҳолатда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 31 августдаги 282-сон буйруғига 1-иловада тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасасининг такомиллаштирилган намунавий одоб-ахлоқ қоидалари бузилган ҳисобланади.

 

Шунга кўра, бу ходимга интизомий таъсир чорасини қўллаш мумкин. Интизомий таъсир чораси ходим ҳақиқатда ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганда қўлланилади.

 

Меҳнат кодексининг 313-моддаси учинчи қисмида интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олиниши белгиланган.

 

Бунда Меҳнат кодексининг 312-моддасига мувофиқ меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

 

1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин.
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш.

 

Ушбу қоиданинг мазмунига кўра, ходим меҳнат интизомини бузганда унга юқоридаги таъсир чораларидан бири қўлланилади.