Аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинган ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланадими?

Аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинган ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланадими?

Ижтимоий тармоқларда педагоглар аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинаётганлиги, жумладан, синф раҳбарларига ҳар бир ўқувчининг ота-оналарини рўйхатдан ўтказиб, сертификат олиб бериши тўғрисида топшириқлар берилганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

 

Давлат меҳнат инспекцияси шу ва шу каби ҳолатлар юзасидан расмий изоҳ берди. Унга кўра, педагог ходимларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш қатъиян тақиқланган ҳамда қонунбузилиш учун жавобгарлик белгиланган.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралигача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ушбу рўйхатга олиш ишлари «маҳалла еттилиги» томонидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Педагогнинг мақоми тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

 

Лекин ушбу модданинг 10-хатбошига кўра, педагогни унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, лекин сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тадбирларга, яъни аҳолини рўйхатга олиш ишларида кўмаклашишга жалб қилиш унинг розилигига кўра, у билан тузилган шартномага асосан, қўшимча ҳақ тўлаш эвазига, ишдан бўш вақтида ёки иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

 

Муҳим эслатма! Педагоглар аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинган тақдирда биринчи навбатда педагогнинг ўзи бунга розилик билдириш, шунингдек, у билан алоҳида шартнома тузилиб, қўшимча ҳақ тўланиши шарт.