Умумтаълим фанлари бўйича миллий сертификат имтиҳонларида айрим тест саволларининг такрор қўлланилиши юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий изоҳ берди.
Агентлик маълумотига кўра, миллий сертификат имтиҳонлари натижалари халқаро методика — Rash модели асосида ҳисобланади. Ушбу модел турли тест вариантлари ва турли вақтларда ўтказилган имтиҳонлар натижаларини ўзаро таққослаш имконини беради. Бунда анкор (лангар) саволлар муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этилишича, анкор саволлар бир нечта тест вариантларида ўзгартирилмасдан такрор берилади. Улар орқали ҳар бир тест вариантининг қийинлик даражаси аниқланади ҳамда вариантлар ўртасидаги фарқлар назорат қилинади. Бу эса тест вариантлари қийинлигининг иштирокчилар натижаларига таъсир кўрсатмаслигини таъминлашга хизмат қилади.
Агентлик таъкидлашича, аввалги имтиҳонларда қўлланган айрим саволларнинг такрорланиши имтиҳон натижаларини холис, адолатли ва ишончли баҳолашни таъминлайдиган муҳим методик восита ҳисобланади. Ушбу ёндашув барча иштирокчилар учун тенг шароит яратишга қаратилган.
