Қибрайдаги боғчада болани калтаклаган тарбиячига чора кўрилди (видео)

Қибрайдаги боғчада болани калтаклаган тарбиячига чора кўрилди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Қибрай туманидаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, деб кўрсатилаётган муассасада тарбиячи томонидан машғулотлар жараёнида тарбияланувчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлинган видеотасвирлар тарқалган эди.

 

Аввалроқ, ҳолатни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Тошкент вилоят ММТБ берган расмий муносабатга кўра, вазият тўлиқ назоратга олинган.

 

Маълум бўлишича, ушбу кўнгилсиз ҳолат 2025 йил 23 декабрь куни машғулотлар пайтида содир бўлган.

 

Машғулотлар жараёнида мусиқа раҳбари Ш.Д шу вазиятда катта ёшли тарбияланувчини тартибга чақирган. Тарбияланувчига нисбатан жисмоний таъсир кўрсатиб, хусусан, боланинг юз ва елка қисмига тарсаки урган.

 

Мазкур ҳолат боланинг шахсий дахлсизлигига зид бўлиб, амалдаги қонунчилик ҳамда мактабгача таълим муассасаларида тарбия жараёнига қўйилган талаблар бузилганини кўрсатади.

 

Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказилиб, қонунда белгиланган тартибда 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида мусиқа раҳбари сифатида фаолият юритаётган Ш.Дга «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

 

«Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, келгусида бу каби кўнгилсиз ҳолатлар такрорланмаслиги учун ички назорат кучайтирилди, машғулотлар жараёнида болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан назоратга олинган», — дейилади хабарда.