Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси расмий муносабат билдирди.
«Педагог ходимларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш қатъиян тақиқланган ҳамда қонунбузилиш учун жавобгарлик белгиланган», — дейилади хабарда.
Шунингдек, агар шу каби ҳолатларни тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлса, уларни @munosibmehnat_bot Telegram боти орқали Давлат меҳнат инспекциясига юбориш сўралган.
Аввалроқ, Қорақалпоғистонда ўқитувчилар аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбурий жалб қилинаётган бўлиши мумкин мазмунидаги хабарлар тарқалган эди.
Ҳолат юзасидан расмий муносабат берилиб, ушбу мактаб жамоаси тўлиқ рўйхатдан ўтказилгани, бироқ ўқувчиларнинг ота-оналарини рўйхатга олиш бўйича ўқитувчиларга ҳеч қандай топшириқ берилмагани, шунингдек, педагог ходимлар мажбурий қўшимча ишларга жалб этилмагани маълум бўлганди.
